Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

17 январь 2023 йил
242
0

Adolat" SDP

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-810-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қуйидаги мазмундаги ХХIII2 боб билан тўлдирилди.

«ХХIII2 боб. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш

3136-модда. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида илтимоснома бериш

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

3137-модда. Илтимосноманинг шакли ва мазмуни

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Илтимосномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) илтимоснома берилаётган суднинг номи;

2) ички ишлар органининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

3) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

4) илтимосномага асос бўлган ҳолатлар;

5) берилган илтимосноманинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

6) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимос, жойлаштириш муддатини кўрсатган ҳолда;

7) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Илтимосномада ички ишлар органининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ушбу моддада назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган илтимоснома ички ишлар органига қайтарилади.

3138-модда. Илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:

1) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланган қарори;

2) яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида маълумотлар берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот;

3) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома;

4) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги тиббий маълумотнома;

5) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённома.

Илтимосномага билдирилган илтимосномани асословчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

3139-модда. Илтимосноманинг суд томонидан кўриб чиқилиши

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Суд мажлисида адвокат иштирок этиши мумкин.

Илтимосномани кўриб чиқиш ички ишлар органи вакилининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлиги ва жойлаштириш муддати асослаб бериладиган маърузаси билан бошланади. Сўнгра ўзига нисбатан илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, адвокат, судга келган бошқа шахслар эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.

Қарор судья томонидан алоҳида хонада чиқарилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:

илтимосномани қаноатлантириш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида;

илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида.

Илтимосномани қаноатлантириш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарор ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши лозим.

Қарор ижро этиш учун дарҳол ички ишлар органи вакилига, агар суд мажлисида иштирок этган бўлса, адвокатга ва ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга топширилади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган қарор устидан ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса апелляция протести келтириши мумкин.

Апелляция инстанцияси судининг судьяси қарор устидан берилган шикоятни (протестни) у келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида якка тартибда кўриб чиқиб, унинг натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:

қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва шахсни реабилитация марказидан озод қилиш ҳақида;

илтимосномани қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида».

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 декабрдаги ЎРҚ–810-сонли Қонуни 17.12.2022 йилдан кучга кирди.

 

С.Эргашев

Жиноят ишлари бўйича

Бахмал туман судининг раиси 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив