“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти
Қонунинг мақсади
Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.
Қонунинг мазмун-моҳияти
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал органдир.
Комиссия қарорлари давлат органлари томонидан бажарилиши шарт. Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эга.
Одам савдосидан жабрланганлар қуйидаги мақсадда идентификация қилинади:
зарур ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш;
одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларнинг мослашувини таъминлаш, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатиш;
вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлаш;
ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатиш;
ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатиш.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашуви якка тартибдаги режа асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.
Вояга етмаганлар савдосини олдини олиш қуйидагилардан иборат:
болаларни тарбиялашдан бўйин товлаётган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни аниқлаш;
ғайриижтимоий ҳаёт тарзини кечираётган оилаларни ва давлат ҳимоясига муҳтож болаларни аниқлаш;
болалар уйи ва туғруқ комплекслари фаолиятини мониторинг қилиш.
Асос: ЎРҚ-633-сон Қонун, 17.08.2020 й.
Бахмал тумани Адлия бўлими