Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлади

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлади

08 сентябрь 2021 йил
314
0

Ҳар бир ота-она вояга етмаган ёхуд вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли моддий ёрдамга муҳтож бўлган фарзандларини боқишга мажбурдирлар.

Бу ҳақда Оила кодексида “Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир”, деб таъкидланади.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш оқибатлари қонун ҳужжатларида қатъий кўрсатилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ушбу модданинг 2-қисмида ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилганлиги учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-459-сонли Қонуни таҳририда ўзгартирилиб, “Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади”, деб кўрсатилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Масалан, О. вояга етмаган қизлари Д. ва И.ларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Биз ушбу жиноятни юридик таҳлил қилиб чиқар эканмиз, жиноятнинг объекти вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг манфаатлари, яъни уларнинг соғлиғи, нормал жисмоний ривожланиши ва суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ маблағ олиш ҳуқуқига эга шахсларнинг моддий таъминоти ҳисобланади.

Жиноятнинг объектив томони суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламасликда ифодаланади.

Бўйин товлаш деганда, нафақат суднинг ҳал қилув қарори бажа­рилишини тўғридан-тўғри рад этиш, балки айбдорнинг оладиган маоши миқдорини, бошқа даромадларини яшириши, ижро варақаси бўйича тўловлардан қочиб қутилиш мақсадида иш ёки яшаш жойини ўзгартириши ёхуд шу мақсадда меҳнат қилишдан бўйин товлаши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.

Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Мазкур жиноятнинг субъекти суднинг ҳал қилув қарорига биноан моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлаш вазифаси зиммасига юкланган 18 ёшга тўлган, ақли расо ҳар қандай шахс (ота-оналар, фарзандликка олувчилар) бўлиши мумкин. Шахсий ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш алиментларни тўлашдан озод этмайди.

Қайд этилган шахсларни боқиш вазифаси зиммасига юкланган шахс узрли сабабларга кўра (касаллиги, меҳнатга лаёқатсизлиги ва ҳ.к.) уларни боқа олмаган ҳолларда уни Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Ота-оналар вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз моддий ёрдамга муҳтож бўлган фарзандларни таъминлашлари учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ой мобайнида тўлашлари шарт. Шахсни Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун ундирилиши лозим бўлган маблағни ундириш учун суднинг ҳал қилув қарори бор ёки йўқлиги текшириб кўрилиши керак.

Нафақа тўлашдан бўйин товлашнинг усуллари (Тўлашдан тўғридан тўғри бош тортиш, иш жойини ўзгартириш, яшаш жойини ўзгартириш, иш ҳақининг ҳақиқий миқдорини яшириш ва ҳаказолар) аҳамиятга эга эмас.

Болаларни моддий таъминлашдан бош тортишда турли шароитлар эътиборга олинади. Масалан, меҳнатга яроқли ота-она фақат вояга етмаган болаларигагина эмас, балки, вояга етган, бунга муҳтож бўлган меҳнатга яроқсиз болаларни ҳам таъминлаши шарт.

Айрим ҳолларда ота-оналар мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган бўлсалар, суд болаларни ота-оналарига алимент тўлашдан озод қилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишнинг муҳим омиллари оила имкониятларини оилага қарши қилинадиган жиноий хулқнинг сабабларини бартараф қилишдир.

Оилавий муносабатлардаги криминологик жиҳатдан яхшилаш умумий ҳусусиятдаги нормалар тизимини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Бизнинг-ча, бундай чора-тадбирлар тизими қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

* оила муносабатларига ўз таъсирини ўтказадиган криминоген манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш;

* носоз оилаларни аниқлаш ва уларнинг устидан доимий назорат ўрнатиш;

* оила ҳаётини рағбатлантириш оиланинг моддий ва яшаш муаммоларини ҳал қилишда, оила аъзоларини ишга жойлаштиришга ёрдам бериш;

* болалар қаровсизлигининг олдини олиш. Бунда болалар тарбиясига алоҳида аҳамият бериш;

* оиладаги руҳий муносабатларни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

* оилани ишдан ташқари бўш вақтини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Наби Қодиров
Бахмал тумани Адлия бўлими бошлиғи

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив