Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш - давр талаби

Сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш - давр талаби

13 январь 2025 йил
20
0

Су туралы таңғажайып деректер

Сув ҳаёт асоси ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ер юзасининг 70 фоизи сув билан қопланган. Шундан 97,5 фоизи шўр, фақат 2,5 фоизи чучук сув ҳисобланади. Истеъмолга яроқли сувларнинг жуда катта қисми музлик ҳолатида бўлгани учун уларнинг фақат 1 фоизи ичишга яроқли ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича сув – сайёрамиздаги энг оддий ва одатий суюқлик бўлиб, унинг ажойиб хусусиятларидан бири экологик тоза ичимлик суви – инсон учун энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Инсон ўртача умрида 35 тонна сув ичади. Ана шу сув тозаланса, ундан 420 стакан тузлар ва бошқа ифлослантирувчи моддалар чиқиши мумкин.

Минтақада сўнги йилларда глобал иқлимнинг ўзгариши туфайли йилдан-йилга сув танқислиги долзарблашиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу муаммо Ўзбекистонда ҳам яққол сезилмоқда. Таъкидланишича, Марказий Осиёдаги музликлар майдони қарийб 30 фоизга қисқариши шароитида агар ўз вақтида мослашиш чоралари кўрилмаса, мамлакатимиз бир қатор салбий оқибатларга дуч келиши мумкин.

Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиётнинг турли соҳалари ва қишлоқ хўжалиги жадал суръатлар билан ривожланиши сувга бўлган талабнинг йилдан йилга ортиб боришига олиб келмоқда. Бундай шароитда, чучук сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу вазифа давлат миқёсида тўла англанган ҳолда бир қатор чоралар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бутун республикамиз даражасида сувдан оқилона фойдаланиш мақсидида олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, сувдан ноқонуний фойдаланганлик учун киритилган жарималарга қарамасдан одамларнинг бундай қимматбаҳо ресурсга нисбатан масъулиятсиз муносабати ҳали ҳамон давом этаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Тоза ичимлик сувидан фойдаланиш – инсоннинг асосий ҳуқуқи.  Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистонни замонавий ва ҳаёт учун қулай мамлакат сифатида ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири – аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳисобланади.

Республика иқтисодиёт тармоқларида бир йилда ўртача 56–57 млрд.куб.м миқдорида сув ресурсларидан фойдаланилади, шундан 48–49 млрд.куб.м, яъни 87 фоиз қишлоқ хўжалигида, 5,5 млрд.куб.м (9 фоиз) энергетика, саноат ва балиқчилик мақсадларида ҳамда атига 2,2 млрд.куб.м (4 фоиз) ичимлик сув ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади

Сўнгги йилларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида қамров даражасини ошириш ва шу тариқа аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, сўнгги 7 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 20 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилган (олдинги 25 йилга нисбатан 8 баравар кўп).

Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 916 та сув иншооти ва 43 минг км.га яқин ичимлик суви тармоқлари тортилди.

Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилда 63 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб ушбу кўрсаткич 77,4 фоизга етказилди.

Ушбу давр мобайнида 8 миллионга яқин аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 14,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра,
2026-йилда бу кўрсаткич қарийб 90 фоизга етиши режалаштирилган.

Республикада 2025-2030 йилларда қарийб 45 минг.кмдан зиёд ичимлик сув тармоқлари ҳамда 1,8 минг дона иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилиниши белгиланиб, ушбу ишларга 27,1 трлн.сўм (шундан халқаро молия институтлари иштирокида 17 трлн.сўм) маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасида оқова сув тозалаш иншоотини қуриш лойиҳаси (250 миллион доллар) (“Almar Water” компанияси – Испания) Лойиҳа доирасида Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасида 100 минг м3/сутка қувватли оқова сув тозалаш иншооти ва 20 км оқова сув коллектори қурилиши режалаштирилган.

Самарқанд вилояти туман марказларида оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш лойиҳаси (100 миллион доллар) (“Hassam Allam” компанияси – Миср) Лойиҳа доирасида Самарқанд вилояти туман марказларида умумий қуввати 60 минг метр куб/сутка бўлган 6 та оқова сув тозалаш иншооти қуриш белгиланиб,  2025 йил октябрь ойига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Фарғона ва Жиззах вилоятларида Давлат-хусусий шериклик асосида жами 9 та лойиҳани амалга ошириш лойиҳаси (“Miahona” компанияси – Саудия Арабистон Подшоҳлиги) Лойиҳа доирасида умумий қуввати 515 минг метр куб/сутка бўлган 4 та оқова сув тозалаш иншоотини қуриш, шунингдек, 5 та иншоотни бошқарувга бериш белгиланиб, 2025 йил март ойига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Навоий вилоятида ичимлик ва оқова сув тизимини ривожлантириш лойиҳаси (400 миллион доллар) (“Alkhorayef Water & Power Technologies” компанияси – Саудия Арабистон Подшоҳлиги) Лойиҳа доирасида Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ва Қизиотепа ва Учқудуқ туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш қрежалаштирилган.

Марказлашган ичимлик сув таъминоти бўйича: Ичимлик сувининг ўртача йўқотилиши республика бўйича 28,0 фоизни ташкил этиб, шундан, технологик сарфлар 13,3 фоиз, таъмирталаб тизимларда вужудга келаётган авариялар натижасидаги йўқотишлар 14,7 фоизни ташкил этади.

 “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги 1 млнга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

“Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятини ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл, Ш.Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида яшовчи аҳолининг  ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда халқаро молия институтлари иштирокидаги йирик лойиҳалар доирасида гео-ахборот, “СКАДА” ва гидравлик моделлаш тизимларини жорий этиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида, сув йўқотишларни кескин камайтириш ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида бир қатор концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “2030-йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, “2020-2030 йилларда Ўзбекистон сув ресурсларини ривожлантириш концепцияси”, “Сув ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Бугунги кунда кўплаб шаҳарларда аҳолининг сувни тежаш муаммосига пассив муносабатда бўлиши оқибатида кўп ҳолларда сув ресурсидан фойдаланишда ҳамон исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Бази-бир инсонлар машинасини тоза ичимлик суви билан юваётганини, яна бирлари салқинлик яратишга ҳаракат қилиб, офтобда иссиқ асфальтни ичимлик суви билан “суғораётганини” кўриш мумкин.

Ҳозирги шароитда одамларнинг бундай қимматбаҳо ресурсга масъулиятсиз муносабатини ўзгартириш ва истеъмолчиларни сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланиш маданиятини шаклларнтириш даври келди.

Истеъмолчиларнинг сувдан норационал фойдаланиши, бир томондан, сувдан фойдаланиш маданиятининг пастлиги, бошқа томондан, аҳолининг катта қисмида сувни тежаш учун мотивация ва рағбатлантиришнинг йўқлиги билан боғлиқ. Бошқа томондан, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича доимий тизимли ишларни амалга ошириш зарур. Ушбу тушунтириш ишлари таълимнинг барча босқичларида – "болалар боғчаси - мактаб - олийгоҳлар" ва энг муҳими оилада зарурдир.

Сув ресурсларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш – келажак авлодлар учун барқарор ривожланиш гаровидир. Ўзбекистон шароитида бу қимматбаҳо ресурснинг ўзгарувчан иқлим шароитида халқнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим аҳамият касб этар экан, ҳар бир фуқаро сувдан оқилона фойдаланиши ва унинг ифлосланишидан асрашга даҳлдор бўлиши лозим.

 

 

 

Рисқул Эргашбоевич Сиддиқов

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив