Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг М У Р О Ж А А Т И

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг М У Р О Ж А А Т И

19 декабрь 2023 йил
78
0

Азиз фермер, деҳқон ва томорқачилар, Сувни тежанг ва қадрланг!

 

Қишлоқ хўжалигида сувни тежаш, ундан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка барҳам бериш орқали биз нафақат бугун халқимиз ҳаётининг янада фаровонлашишига ҳисса қўшамиз, балки келгуси авлодларимиз олдидаги энг олий бурчимизни ҳам бажарган бўламиз.

 

Сувни ҳар ким ўзи учун, келажак авлодлар учун тежаши лозим!

 

Мамлакатимизда сувнинг 91 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Унинг атиги бешдан бир қисми юртимизда шаклланади, қолгани эса қўшни давлатлардан оқиб келади. Марказий Осиёдаги жами сув заҳираларининг 45 фоиздан ортиғи ўлкамизда ишлатилади.

 

Азиз ҳамкасблар!

Глобал иқлим ўзгаришлари, минтақада ёғингарчилик миқдори йилдан-йилга камайиши сув ресурсларига ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 миллиард метр куб атрофида бўлган, ҳозирда бу кўрсаткич 51-52 миллиард метр кубга тушиб қолди. Агар вазият шу тарзда давом этса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоиз қисқариши, аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоиз, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик 40 фоиз тушиб кетиши мумкин. Ҳисоб-китобларга қараганда, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига эҳтиёж уч баробар ошади.

Сув тақчиллиги оқибатлари Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтириши муқаррарлигини ҳисобга олган давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро анжуманларда, вилоятларга ташрифларида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб, сувни тежаш ва самарали фойдаланишга даъват этаётгани бежиз эмас.

Аграр соҳанинг ривожи бевосита агротадбирларни ўз вақтида ўтказиш билан бирга қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, ишчи ҳолатини сақлаш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда сув ресурслари таъминотига боғлиқ.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, очиқ майдонлар, боғ-ток қатор оралари ва томорқа ерларида тўқсонбости экинлари етиштиришни кўпайтириш, экин майдонлари ва экинлар таркибини иқлимга мослаб оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ўрни муҳимлигини эътироф этиш зарур. Кенгашнинг барча бўғиндаги раҳбар ва ходимлари ҳамда Бухгалтерия марказлари вакиллари аниқ ва ишончли маълумотларга асосланган ҳолда сувдан фойдаланишдаги муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш асосида тегишли хулоса ва таклифларни фермер, деҳқон ва томорқачиларга мунтазам равишда етказиб боради.

 

Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар, боғбон ва томорқачилар!

Сув исрофининг энг катта қисми айнан қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Юртимиздаги суғориш тармоқларининг ярми бетонланмаган, яъни тупроқ ўзанли ариқ ва каналлардан иборат бўлгани боис катта миқдорда сув йўқотилмоқда.

Мамлакатимиздаги суғориладиган майдонларнинг 60 фоизига 1680 дан зиёд насос станцияси ва 4 мингдан ортиқ суғориш қудуғи орқали жуда катта маблағ ва саъй-ҳаракатлар эвазига сув етказиб берилади. Сув хўжалиги соҳасига ажратилган 10 триллион сўмнинг 63 фоизи насос станцияларининг электр энергиясига сарфланади. Аён бўладики, сув текин эмас, ҳатто арзон ҳам эмас!

Сув катта харажат ва минг машаққат билан етказиб берилаётган шароитда томорқа ва далаларни кўллатиб суғориш, оқовани зовурларга ташлаб қўйиш каби салбий ҳолатларга кўз юмиб бўлмайди.

Ресурс тежамкор технологиялар қўллаётганлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Айниқса, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида суғориш, ерни лазер ускунасида текислаш оммалашмоқда. Бу орқали фермер ва деҳқонлар, кластер эгалари нафақат сувни тежаяпти, балки ҳосилдорлик ошиши ҳисобига яхшигина даромад ҳам кўряпти.

Тажрибали деҳқонлар яхши биладики, томчилатиб суғориш далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Маблағ тежалади. Анъанавий суғоришда ўғит сувга оқиб, зовурларда қамишни кўпайтираётган бўлса, томчилатиб суғоришда ўғит айнан экинларга бир хил етказиб берилиши ҳисобига ҳосилдорлик ошмоқда.

Сиз ҳам илғорлар сафига қўшилинг! Сув зар – сувчи заргар, деган мақол бежиз айтилмаган. Қишлоқ хўжалигида заргарона маҳорат билан сувдан унумли фойдаланинг! Тежамкорликнинг замонавий усулларини қўллаб, сув беҳуда сарф бўлишига йўл қўйманг! Бу борада бошқаларга намуна бўлинг.

“Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни чуқур қазгин”, деган нақлга амал қилиб, ишни куз-қиш мавсумида ўз ҳудудингиздаги суғориш тизимларини тозалаш ва бетонлашдан бошланг!

 

Муҳтарам пахтакор ва ғаллакорлар!

Қишлоқ хўжалигидаги сув таъминотида устуворлик пахта ва ғаллага берилади. Обиҳаётнинг қарийб 60 фоизи ушбу экинларни суғориш учун йўналтирилади. Шу маънода аграр соҳада сувдан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги кўп жиҳатдан пахта ва ғаллага сарфланган сувга боғлиқ бўлмоқда.

Мавжуд сув ресурсларининг истиқболда эҳтиёжни қондира олмаслиги глобал муаммога айланиши тайин. Тежамкор технологияларни жорий этиш сувдан самарали фойдаланишдек стратегик мақсаднинг бош омили саналади. Давлат томонидан ушбу йўналишда имтиёзлар берилиб, имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, сабзавот, картошка, полиз экинлари, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар етиштириш учун сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган фермер хўжаликларига субсидия ажратилади ва шу экин ерлари беш йил муддатга ер солиғидан озод қилинади, сув ҳисоблагич қўйилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз берилади.

Томчилатиб суғориш тизими ўрнатилганда ҳар гектар сабзавот, картошка, узум, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун гектарига 8 миллион сўмдан, мевали экинларга 6 миллион сўм ва полиз экинларига 1,3 миллион сўм субсидия бериш белгиланган. Пахта ва ғалла майдонларига ўрнатилган сув тежовчи ускуналар учун бир йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга ҳар бир гектарга 25 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган.

 

Қадрли ҳамюртлар!

Қатраси тиллодан қиммат сувни тежар эканмиз, бу мамлакатимиз иқтисодиётига, халқимиз фаровонлигига, эл-юртимиз равнақига, фарзандларимизнинг келгуси бахтли-саодатли ҳаётига қўшаётган энг хайрли улушимиз бўлади.

Сув текин эмаслиги, уни исроф қилиш эса халқимиз келажагига хиёнат билан баробарлигини унутмайлик! Сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланганини ёддан чиқармайлик!

 

Қайта-қайта такрорланган бўлса-да, бир ҳақиқатни унутишга ҳаққимиз йўқ: сув энг – улуғ неъмат! Ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳар бир томчисини асраб-авайлаш келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир!

 

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив