Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман суди томонидан таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилди
Бахмал туман Давлат махалла фуқаролар йиғинидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ўқитувчи ва ўқувчи ёшларга тушунтирилди.
Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини жамоатчиликка тушунтириш бўйича кенг тарғибо-ташвиқот ишларини ташкил этиш мақсадида барча судьяларни ўзларига бириктирилган МФЙлардаги мактабларга доимий бириктириш, уларда мавжуд ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар, очиқ мулоқатлар ўтказиш юзасидан Жиззах вилоят судининг раиси, Жиззах вилоят маъмурий судининг раиси ва Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси бошлиғи томонидан режа ишлаб чиқилган.
Туман судининг раиси М.Эрназаров Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, бўйича маъруза қилди.
Бола ҳуқуқлари декларациясида кўрсатиб ўтилганидек, "бола, агар у жисмоний ва ақлий жиҳатдан камолотга етмаган бўлса, махсус равишда муҳофаза ва ғамхўрликка, бинобарин, туғилгунча ва туғилгандан кейин ҳам муносиб даражадаги ҳуқуқий ҳимояга муҳтож
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган.
Халқаро ҳуқуқий нормаларда белгиланган қоидаларга мувофиқ миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари билан бирга уларнинг жиноий жавобгарлиги белгилаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ва жазони индивидуаллаштириш ва дифференциялаштириш халқаро ҳуқуқ асослари сифатида ёритилган.
Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятларини белгиловчи махсус нормалар Жиноят кодексининг Умумий қисми олтинчи бўлимида ўз аксини топган. Олтинчи бўлим икки бобдан иборат бўлиб, XV бобда "Жазо ва уни тайинлаш", XVI бобда "Жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш" нормалари белгиланган.
Бу бўлимда вояга етмаганлар жиноий жавобгарлиги ва жазо масалалари билан боғлиқ нормалар тизимланган. Вояга етмаганларнинг нисбатан фуқаровий, жисмоний ва маънавий камолга етмаганлигини инобатга олган ҳолда уларга жиноий жавобгарликни юклаш ва жазони қўллашнинг янада инсонпарвар принциплари ва шартларини умумлаштириш имконини беради.
Маълумки, Жиноят кодексининг 16-моддасига кўра, жиноят учун жавобгарлик — жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир.
Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасида ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) бола ҳисобланиши белгиланган.. Шу сабабли, жиноят қонунчилигида вояга етмаган шахсга жиноят содир этганлик учун жавобгарлик белгилашда вояга етмган шахснинг ёши, ўзига хос физиологик ва интеллектуал ривожланиши, боланинг ўз ҳатти-ҳаракатларининг моҳиятини англаш қобилияти, унинг жамиятда тутган ўрни, шуғулланиши мумкин бўлган касби ҳамда бошқа омиллар ҳисобга олинган.
Маълумки, Жиноят кодексининг 17-моддасига асосан, жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар, Жиноят кодексида белгиланган айрим жиноятлар учун, жиноят содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахслар жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учунгина жавобгарликка тортиладилар.
Лекин, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахслар умумий қоидаларга мувофиқ жавобгарлик тортилсаларда, уларга жазо белгилашда вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари ҳисобга олинади.
Айрим хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кам ёш чегараси белгиланган. Масалан, Ирландия жиноят қонунчилигида субьект ёши 7 ёш, Японияда 13 ёш, Нидерландияда 12 ёш қилиб белгиланган.
Шунингдек, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги қуйидаги хусусиятларга эга:
- вояга етмаганларга нисбатан жиноят қонунида назарда тутилган барча жазо чоралари қўлланилмайди;
- вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят учун жазо тайинлашда суд уларнинг вояга етмаганлигини енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисоблайди;
- вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазоси энг оғир жазо сифатида ўзига хос хусусиятларга эга.
Шу билан бирга, вояга етмаган шахслар учун жавобгарликни белгиловчи нормалар икки бўлинади:
1) жиноят содир этгунга қадар вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган нормалар;
2) норма қўллангунга қадар вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган мажбурлов чоралари.
Жиноят қонунчилигига мувофиқ, вояга етмаганлар, уларнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 17-моддасида кўрсатилган жиноят таркиби мавжуд бўлсагина жавобгарликка тортилиши мумкин.
Вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган жазолар тизими вояга етган шахсларга қўлланиладиган жазо тизимидан фарқ қилади. Масалан, Жиноят кодексининг 81-моддасига асосан, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш каби асосий жазолар қўлланилади.
Вояга етмаган шахсларга нисбатан, вояга етганларга қўлланиладиган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда умрбод озодликдан маҳрум қилиш қаби жазолар қўлланилмайди. Шунингдек, вояга етмаган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар ҳам тайинланиши мумкин эмас.
Вояга етмаган шахсларга белгиланган жазоларнинг миқдори ҳам вояга етган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо миқдорларидан фарқ қилади. Масалан, вояга етган шахсларга белгиланган жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг миқдорининг беш бараваридан олти юз бараваригача миқдорни ташкил этса, вояга етмаган шахсларга жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорни ташкил этади.
Суд вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилиш билан бирга, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлигини, содир этган жиноятининг сабабларини, катта ёшдагиларнинг ва бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади.
Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан қўлланадиган жазо тизимининг асосий вазифаси ҳам вояга етмаганларни мажбурлаш ва тарбиялаш ҳисобланади.
Озодликдан маҳрум этиш энг қаттиқ жазо бўлиб, вояга етмаганга ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун, "вояга етмаганларга жазо тайинлашда, суд энг асввало, содир қилинган жиноят тавсифини, жамиятга хавфлилик даражасини, шахс тўғрисидаги маълумотни, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш лозим. Суд вояга етмаганга озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазони белгилашда, фақат шундай ҳолатларда, қачонки жамиятдан ажралмаган ҳолда унинг тузалиши мумкин бўлмаса, ҳукмда, албатта, қабул қилинган қарорни асослаш билан қабул қилишга ҳақлидир.
Чунки кўп ҳолларда арзимас қилмиши эвазига қаттиқ жазо олган вояга етмаган шахс айнан жазо ўташ муассасаларида яна жиноят оламига киради, ашаддий жиноятчиларга қўшилиб, уларнинг турмуш тарзига хос кўникмаларни эгаллай бошлайди.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш, уларнинг ёши, ўзига хос физиологик ва интеллектуал ривожланиши, ўз хатти-ҳаракатларининг моҳиятини англаш қобилияти, уларнинг жамиятда тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, жиноят содир этган воя етмаган шахсларни қайта тарбиялаш зарур. Уларга нисбатан инсонпарварлик принципини кенгроқ қўллаш, қўлланиладиган жазоларнинг самарадорлигини ошириш, вояга етган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарлик ва жазодан озод қилиш муддатларини қисқартириш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Эрназаров Максуд Маматқулович
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман судининг раиси