Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Конституциянинг яралиш ва 30 йиллик тарихи

Конституциянинг яралиш ва 30 йиллик тарихи

06 декабрь 2022 йил
296
0

Конституция обетованная – Новости Узбекистана – Газета.uz

Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг раиси С.Эргашев Бахмал тумани мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида Конституциянинг яралиш ва 30 йиллик тарихи мавзусида маъруза қилди

Конституция – давлатнинг Асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Яқин кунларда Конституциямизнинг 30 йиллиги нишонланиш арафасида турибмиз. Шу боис, мамлакатимиз Конституциясининг яралиш ҳамда 30 йиллик тарихи мобайнида такомиллашиб боришига оид энг муҳим ҳуқуқий қадамлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

 

Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

Бу ҳақда гап борганда, авваламбор, 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса амалга оширилгани – миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилгани истиқлол тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

"Давлат тили тўғрисида"ги қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар эндиликда Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди:

"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади".

Конституцияни яратиш йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам – Президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.

 

 

 Юртимиз ҳаётидаги ушбу муҳим воқеа 1990 йилнинг март ойида бўлиб ўтганини эслаш жоиз. Ўшанда, яъни Мустақиллигимиз эълон қилинишидан бир мунча вақт олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда Президентлик лавозими жорий этилди, давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам – "Мустақиллик декларацияси"нинг эълон қилинишидир.

Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган "Мустақиллик декларацияси"нинг 8-бандида Ўзбекистон "ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади" деган қоида мустаҳкамланган.

Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг "янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос" бўлиши қайд этилган.

Ўша пайтда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Конституцияни яратиш йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита киришилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.

1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида 1 сентябрь республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Худди ўша куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидланганидек, "Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади".

Шу куни "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги конституциявий қонун қабул қилинди. Ундан бўлажак Конституциянинг ўзак қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. Жумладан, мазкур Қонунга мувофиқ:

"Ўзбекистон Республикаси тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди" (3-модда);

"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон Республикаси Давлат идораларининг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади" (5-модда).

Бу Конституциявий қонун Асосий Қонунимиз қабул қилингунига қадар, яъни 1992 йил 8 декабргача биз учун кичик Конституция вазифасини бажариб турди.

1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.

Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

Асосий Қонунимизга нисбатан бундай юксак ва холис баҳолар берилишини қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, бизнинг Конституция ҳақиқатан ҳам демократик Конституциядир. Тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир.

Иккинчидан, бизнинг Конституция энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.

Учинчидан, Конституциянинг ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, у кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини ўз ичига олган.

Хулоса қилиб айтганда, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.

 

С.Эргашев

Жиноят ишлари бўйича

Бахмал туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив