ОНА ТИЛИМ-ЖОНУ ДИЛИМ, ОНА ТИЛИМ, ҒУРУРИМ, ФАХРИМ
Инсон гўзаллиги, маънавияти, буюк мероси, хатто олам барқарорлигининг асоси ҳам бу-тилдир. Шу сабаб онадек азиз ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи жоиз. Она тили-миллатнинг руҳидир. Тил-давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш-миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Муҳтарам Президентимиз қаерда ва қай мавзуда маъруза қилмасинлар, юрт келажаги бўлмиш ёшлар масаласини бот-бот илгари сурадилар ва мана шу йўсиндаги сўзларни келтириб ўтадилар:
"Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин".
"Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга кўра, 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб белгиланди.
Шундай экан инсон зотига берилган қисқа умрда бир-биримизга тилимиздаги яхши сўзлар билан дилларимизни хушнуд қилайлик.
Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий- ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Бахмал тумани ФҲДЁ
бўлими мудираси
Д.Жаникулова