Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60

М У Р О Ж А А Т

15 апрель 2024 йил
147
0

 Бахмал туманидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг

М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Демак, халқимизнинг ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.

Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл четларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.

Дарахтларга меҳр бериш, уларни парваришлаш энг эзгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари ана шундай эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.

Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2024 йил баҳор мавсумидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни кенгайтириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 9,2 миллион дона дарахт экиш вазифаси белгилаб берилди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш зарурлигини, жойларда 33 та яшил боғ ва 25 та жамоат паркларини ташкил қилишга кўрсатма берилди.

Ижтимоий объектларга кўчатларни бепул етказиб бериш бўйича ўтган йили бошланган амалиёт бу йил ҳам давом эттирилади. Уларга
200 мингдан зиёд кўчат бепул тарқатилиши белгиланди.

Президентимиз таъкидлаганларидек “Яшил макон” виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимиздир.

Қайд этиш керакки, ўтган йили куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида маҳаллаларда, фермер ва деҳқонларимиз далалари четларига ва аҳоли томорқаларида 13,7 миллиондан зиёд кўчат экилди. Албатта, бу савобли ишларда кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

 

Ҳурматли фермерлар!

 

Жорий йил баҳор мавсумида Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экиб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Бунинг учун туманда кўчат етиштирувчи 10 дан зиёд фермер, деҳқон хўжаликларида ва томорқа ер эгаларида
2,0 миллиондан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа дарахт ниҳоллари мавжуд.

Сиз улар билан ҳамкорлик қилсангиз, юртимиз яшиллик оламига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.

 

Меҳнаткаш деҳқонлар!

 

Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан жорий йилдан бошлаб ғалладан бўшаган майдонлардан деҳқон хўжаликлари учун ер ажратилиб, Сизлар шу йилдан бошлаб бу ерлардан даромад олишни бошладингиз.

 Сизлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш доирасида дала четига ва кўча бошига  тут, ток ва бошқа кўчатларини экишни ташкил этишга чақирамиз.

Муҳтарам томорқачилар!

 

Туманда 34 та маҳалла фуқаро йиғинларида
25 мингдан зиёд томорқа ер эгалари фаолият юритади.

Натижалар ҳисоб-китобларда аниқ кўринади. Агар ҳар бир томорқачи ўз томорқасига, маҳалла гузарига ва кўча бошига 10 тупдан кўчат экса, вилоят бўйича 250 минг туп кўчат экилади. Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз таҳсинга сазовор бўлади!

Сизларга тут, ток ва бошқа кўчатлар керак бўлса жойлардаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига мурожаат этишингиз мумкин.

Айни пайтда Республика Кенгаш ҳузуридаги “Қува илмий ишлаб чиқариш” марказида 20 миллиондан зиёд ток, тут ва бошқа мевали дарахт кўчатлари заҳираси яратилган, ушбу кўчатларни харид қилиб, маҳаллангиз гузарига ва кўча бошларига ҳамда томорқангизга экиб обод қилишга чақирамиз.

 

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фаол иштирок этиб тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экишга чақирамиз!

Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз! Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз мана шу, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз масъулмиз.

 

Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

 

Н.Абдахатов

Бахмал туман фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив