“Kun.uz” сайти Бахмалдаги 25 миллион евролик инвестициявий лойиҳа амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда(ми)?(видео)
“Kun.uz” сайтида Бахмал тумани “Тонготар” ҚФЙ “Тонготар” массивида фаолият кўрсатган “Шахбоз-Жавоҳир”, “Жўрабек-Достон даласи” ҳамда “Нигора Тоғаева” фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва бошқа шахслар мурожаати асосида чоп этилган “Бахмалда фермерларнинг ери товон тўланмасдан итальянларга берилмоқда: депутатлар кимнинг фойдасига қўл кўтаришган?” сарлавҳали мақола бир томонлама, нохолис ва вазият тўлиқ ўрганилмасдан туриб чоп этилгани боис Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан раддия берилди.
Раддия вилоят ҳокимлиги сайтида “Бахмалда 38 та фермер хўжалиги 51 та иш ўрни яратган– “BMB-OPERA ZAFFERANO” МЧЖ 200 нафарга яқин доимий ва 3500 нафар мавсумий иш ўрни яратади – ҳудуд ва аҳоли учун қайси бири афзалроқ? Ёҳуд “Kun.uz” сайтининг бир ёқлама мақоласи ҳақида”сарлавҳаси остида эълон қилинди ҳамда мақолада мухбир масалага бир ёқлама ёндашганлиги ҳақида етарлича асос ва фактлар келтириб ўтилди.
Раддияда Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан қўйилган муайян саволларга батафсил ва тегишли жавоб бериш ўрнига “Kun.uz” мухбири Исомиддин Пўлатов “Жиззах вилоят ҳокимлиги кимни алдамоқда: Бахмалда фермерларнинг ерлари олиб қўйилишига президент қарорининг алоқаси йўқ!” номли навбатдаги мақоласини жойлаштирди.
Эътибор беринг,“Kun.uz” сайти мақолани “Жиззах вилоят ҳокимлиги кимни алдамоқда” деган жамоатчилик фикрини чалғитувчи, қуруқ шов-шув кўтарувчи, асоссиз сарлавҳа остида эълон қилинмоқда. Ваҳоланки, мақолада кўтарилган масалага вилоят ҳокимлигининг даҳли йўқ.
Зеро, Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тайёрлаган раддиянинг вилоят ҳокимлиги сайтида эълон қилингани, вилоят ҳокимлигининг нуқтаи назари дегани эмас, буни ҳатто сайт раҳбариятининг англаб етмагани ғоят ажабланарли.
Биринчидан, “Kun.uz” мақоласида баён этилаётган бирорта ҳам холатда вилоят ҳокимлиги ёхуд вилоят ҳокимининг қарори ёки топшириғи келтирилмаган, чунки бундай фактнинг ўзи йўқ! Наҳотки, журналист, ОАВ мақоланинг шов-шув бўлиши учунгина шундай асоссиз, ёлғон сарлавҳадан фойдаланса?
Иккинчидан, “Заъфаронни етиштириш Президент қарорига даҳли йўқ”, “Бахмал туман ҳокимлиги энг камида Президент қарорини бошқача талқин қилиб, ундан бошқача мақсадда фойдаланган” каби фикрлар ҳам асоссиздир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4670-сонли қарори республикамиз қишлоқ хўжалиги тармоғининг янада ривожланишига муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Қарорда ёввойи ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни сақлаш, маданий ҳолда кўпайтириш учун майдонлар барпо этиш, кўчатчилик ва уруғчилигини ташкил этиш, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур қарорнинг 20 бандида Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш ҳамда икки ҳафта муддатда 2020 йилда ташкил этиладиган кластерларнинг манзилли рўйхати ва доривор ўсимликлар етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаши топширилган.
Шунга кўра, “BMB-OPERA ZAFFERANO” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ҳудудида умумий қиймати 25 млн. евро қийматидаги заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида лойиҳа ташаббускори сифатида Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиб, белгиланган тартибда доривор ўсимликлар кластерлари рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 03/1-928-сонли баёнига асосан республика бўйича 14 та доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерларнинг манзилли ташкил этишнинг манзилли рўйхати ва доривор ўсимликлар етиштириш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Ушбу топшириққа асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига доривор ўсимликлар кластерларига доривор ўсимликларни етиштиришга мос ер майдонларини ўз муддатида ажратилиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, кластерлар томонидан доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда белгиланган экспорт прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш топширилган.
Қарорга асосан ташкил этилган доривор ўсимликлар кластерларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4268-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилиши белгиланган.
Бахмал тумани ҳокимининг 2020 йил 12 майдаги №656-сонли қарорига асосан лойиҳани амалга ошириш учун Тонготар ҚФЙ “Тонготар” массиви ҳудудидаги, туман заҳирасидаги 400 гектар ер майдони заъфарон етиштириш учун ажратилди.
Лойиҳага кўра, 2020 йилда Италия давлатидан заъфарон пиёз туганаклари ва органик минерал ўғитлар тўғридан-тўғри инвестиция шаклида киритилиб, Италия давлатидан заъфаронни қайта ишловчи ускуна ва технологиялар олиб келинади.
Ундан тиббиёт, фармацевтика, парфюмерияда ишлатилувчи эфир мойи олинади. Маҳсулот сифатини жаҳон талабларига мос тарзда текшириш ва сертификатлаш учун илмий-инновацион лаборатория ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу лабораторияда нафақат заъфарон, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳам сертификатлар берилади.
Заъфаронни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш Ўзбекистон-Италия лойиҳаси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кун тартибида муносиб ўрин олган. Лойиҳани амалга оширишда Италиянинг илғор тажрибаси ва технологиялари татбиқ этилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда доривор ўсимликларни ташкил қилиш борасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Юқоридагиларга кўра, “Kun.uz” мухбири И.Пўлатовнинг мақолани “Жиззах вилоят ҳокимлиги кимни алдамоқда” деган сарлавҳа билан эълон қилиши масалага бир томонлама ёндашгани ва журналистик этикадан четга чиқиши эмасми?
“Kun.uz” сайтида “Раддиядаги энг кулгили ҳолат – Бахмалда 38 та фермер хўжалиги айни кунларда 51 та иш ўрни яратган, “BMB-OPERA ZAFFERANO” МЧЖ 200 нафарга яқин доимий ва 3500 нафар мавсумий иш ўрни яратади. Холбуки, шу сайтда 20 май куни эълон қилинган мақолада, “BMB Trade Group” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов “Лойиҳанинг қиймати 25 миллион еврони ташкил этиши, лойиҳа ишга тушиши натижасида 800 та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилишини” айтган”, деб келтирилади.
Бу ўринда аслида 400 гектарлик жойни эгаллаб, 38 та фермер хўжалигининг 51 та иш ўрни яратганини “кулгули” ҳолат деб айтса тўғри бўларди. Негаки, 51 иш ўрни билан лойиҳанинг дастлабки босқичида “BMB-OPERA ZAFFERANO” МЧЖ томонидан ташкил этиладиган 200 га яқин доимий ва 3500 та мавсумий иш ўрни ўртасида жуда катта фарқ борлигини англаш қийин эмас.
Ҳокимлик сайтида 20 май куни эълон қилинган мақолада “BMB Trade Group” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов “Лойиҳанинг қиймати 25 миллион еврони ташкил этиши, лойиҳа ишга тушиши натижасида 800 та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилиши”ҳақидаги фикрларида лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, яратиладиган иш ўринлари назарда тутилганлигини инобатга олиш лозим. Бу ерда нафақат фермер хўжаликлари ерларида заъфарон етиштириш балки қўшимча ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиши ва у ердаги ишчи ўринлари яратилиши ҳам назарда тутилган.
“Kun.uz” мухбирлари гўёки ҳимоя қилмоқчи бўлаётган фермерлар 2020 йил 27 май куни мазкур лойиҳа бўйича туманда ўтказилган йиғилишда иштирок этиб, лойиҳани қўллаб-қувватлаганлар. Бу видеода ҳам ўз аксини топган.
“Шикоятчи” фермерлар мунтазам равишда ердан фойдаланиш тартибини бузиб келишганлиги Бахмал тумани ҳокимлиги раддиясида қуйидаги фактлар орқали келтириб ўтилган:
- “Чорвачилик” йўналишидаги “Шахбоз-Жавоҳир” фермер хўжалигига 63,0 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан чорва молларини хатловдан ўтказиш жараёнида 34 бош шартли мол саноқдан ўтказилган бўлиб, амалда молларни сақлаш учун бино ва иншоотлари мавжуд эмаслиги ҳамда шартли бош сонига нисбатан 47,7 гектар ортиқча суғориладиган ер майдонларидан фойдаланиб келган”. Бундан ташқари ушбу фермер хўжалиги томонидан ажратилган ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланмасдан (етарли озуқа экинларини экмасдан) 3,2 гектар пиёз, 0,50 гектар картошка ва 4,2 гектарига помидор сабзавот экинларини экиб, ноқонуний фойдаланиб келганлиги ҳамда 2,0 гектар сувли ер майдонига экин экилмасдан ташландиқ ҳолатга келтирилган;
- “Нигора Тоғаева” фермер хўжалигига жами ер майдони 16,6 гектар бўлиб, шундан 2,0 гектар боғ ва 14,6 сувли экин ер майдони “Боғдорчилик” йўналишида фаолият юритилиши учун ажратилган. Бироқ фермер ердан шу кунгача очиқ майдон сифатида ноқонуний фойдаланган;
- “Жўрабек-Достон даласи”фермер хўжалигига ер майдонлари “Боғдорчилик” йўналишида фаолият олиб борилиши учун ажратилган бўлиб, 9,0 гектар ер майдонига маҳаллий боғ ташкил этилган. Боғ майдонларида етарли агротехника тадбирлари бир маромда ўтказилмаганлиги ҳамда боғдаги кўчатлар оралиғи 7х5 схемада маҳаллий аралаш олма навлари экилган. Интенсив боғ барпо қилишда кўчатлар оралиғи аслида 4х1.2 метр оралиғида экилиши лозим. Қолган 0,10 гектар сувли ер майдонидан фойдаланмасдан ташландиқ ҳолатга келтирилган ҳамда боғ оралиғига чорва моллари учун беда экиб, чорва молларини боғ орасида боқиш ҳолатларига йўл қўйган.
Шунингдек, ушбу фермер хўжаликларида ўртача ойлик иш ҳақи 609 516 сўмни ташкил этган (бунда солиқларни олиб ташласак 536 374 сўм).
Бундан ташқари, 2018 йилда 14 та, 2019 йилда 11 та фермер хўжаликлари томонидан умуман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмаган. Энг ачинарлиси, 2019 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирган фермер хўжаликларининг 1 гектар ер майдонидан олган йиллик маҳсулоти суммаси ўртача 1 000 456 сўмни ташкил этмоқда.
Мисол учун, бу кўрсаткич “Нигора Тоғаева” фермер хўжалигида 917 222 сўмни, “BAXMAL CHASHMASI” фермер хўжалигида 3 630 000 сўмни ташкил этган бўлса, “Шахбоз-Жавоҳир” фермер хўжалиги томонидан 2 йилдан буён умуман маҳсулотлар етиштирилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Исомиддин Пўлатов таъсирланиб ёзган “Бахмалдаги вазият эса жиддий. Буни вилоят ёки туман ҳокимлиги ихтиёрига ташлаб қўйиш – мавжуд қонунларнинг оёқости бўлишига, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари янчилиб, ер билан яксон қилинишига олиб келади”деган иддао юзасидан қуйидагилар маълум қиламиз: Бахмал туманига киритилаётган инвесторлар лойиҳаси ҳокимият томонидан чиқарилган қарор бўйича иш фаолиятини бошлаган.
Унда меҳнат қиладиганлар айнан ушбу 400 гектарлик ерда фермер хўжалигида ишлаган фуқаролар ўз меҳнат фаолиятини олиб боришади. Уларга юқори ойлик маош тўланади.
Энди тассавур қилинг, дунёда энг қиммат ўсимликларидан бири “қизил олтин” дея эътироф этилувчи заъфарон гулининг нархи 1 кг учун 8 минг евродан юқори баҳоланади. Нави ва сифатидан келиб чиқиб, заъфарон нархи 30 минг еврогача чиқиши мумкин.
Қўшма корхона директори А.Маматқуловнинг таъкидлашича, Бахмал туманида етиштириладиган заъфарон маҳсулотини Италиянинг қатор компаниялари томонидан кафолатланган экспорт шартномаларини имзолашга истак билдирилган. Оддий арифметика асосида ҳисоб китоб қиламиз. Бир килограмм заъфароннинг халқаро бозордаги нархи энг камида 8 минг евро. Марказий банк маълумотига кўра, 1 евро 11518 сўм, демак:
11518* 8000 =92 144000 сўм.
Айтингчи, бизда қайси маҳсулот нархининг бир килоси шунча маблағга сотилган? Биз энг кам миқдорини ҳисобладик. Энди 30 минг евро ҳақида гапирмасак ҳам бўлар!
Мухбир И.Пўлатов эса икки мақоласида ҳам инвесторлар шаънига путур етказишга уринмоқчи бўлади. Мақсад нима? Муддао-чи?
Хулоса ўрнида: “Kun.uz” сайти ва унинг мухбири Исомиддин Пўлатов хорижий инвесторларни мамлакатимизга жалб қилинишига, хусусан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги қиймати 25 миллион евролик Ўзбекистон-Италия инвестициявий лойиҳасига ва шу худуд фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари равнақига қаршими?
Бахмал тумани ҳокимияти юқорида қайд этилган учта фермер хўжалигида йўл қўйилган қонунбузарликлардан ташқари яна бир канча фермер хўжаликларда аниқланган конунбузилиш ҳолатларига кўз юмиб, индамай ўтириб, ўзибўларчиликка йўл қўйиб, туман иқтисодиётини ривожлантирмасдан, инвесторларни жалб қилмасдан, янги тизимни жорий этмасдан қўл қовуштириб ўтириш керакми?
Мухбир И.Пўлатов коронавирус пандемияси шароитида, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий, хусусан Европанинг ривожланган давлатларидан бири бўлган Италиядан инвестицияларни жалб қилиш нечоғли мураккаб вазифа эканидан ҳабари борми?
“Kun.uz” сайтида жойлаштирилган мазкур мақолада иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш, инновацион технологияларни қўллаган холда қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга интилаётган тадбиркорлик субъектининг ҳаракатларини “Қани, демократик қадриятларга сажда қиладиган итальянларга ҳам Ўзбекистонда мана шундай ҳамкорлар керак эканми?” маъносидаги журналистнинг фикри эса мутлақо ўринсиз ва мамлакатимизнинг инвестиция борасидаги сиёсатига қарши очиқчасига олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот фаолиятидан далолат бермаяптими?
Хўш, мақола муаллифи Исомиддин Пўлатовнинг фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниқоби остида Италиялик инвестор билан маҳаллий компания ўртасидаги алоқаларни совуқлаштиришга қаратилган уринишларидан қандай манфаат бор экан?
Ушбу саволларга сайт маъсуллари ва мутасаддилар ўз муносабатини билдиришади, деган умиддамиз.
Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати