Бахмалда 38 та фермер хўжалиги 51 та иш ўрни яратган- «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ 200 нафар доимий ва 3500 нафар мавсумий иш ўрни яратади – худуд ва аҳоли учун қайси бири афзалроқ?Ёхуд “Kun.uz” сайтининг бир ёқлама мақоласи ҳақида
“Kun.uz” сайтида Жиззах вилояти Бахмал тумани “Тонготар” ҚФЙ «Тонготар» массивида фаолият кўрсатган “Шахбоз-Жавохир”, “Жўрабек-Достон даласи” ҳамда “Нигора Тоғаева” фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва бошқа шахслар томонидан йўллаган мурожаати юзасидан тайёрланиб интернетга жойлаштирилган “Бахмалда фермерларнинг ери товон тўланмасдан итальянларга берилмоқда: депутатлар кимнинг фойдасига қўл кўтаришган?” номли мақоласига нисбатан Бахмал тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4670-сонли қарорига мувофиқ «BMB-TRADE GROUP» компанияси ва Италия давлатининг «OPERA SRL» компанияси ҳамкорлигида Бахмал туманида «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси ташкил этилган.
«BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхонаси 2020-2022 йилларда доривор ўсимликларни етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар рўйхатига заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси ташаббускори сифатида киритилган.
Ўзбекистон Республикаси «BMB-TRADE GROUP» компанияси ва Италия давлатининг «OPERA SRL» компаниялари ўртасида “заъфарон” ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси бўйича олдиндан бир неча маротаба музокаралар олиб борилган. Натижада ҳамкорлар ўртасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш шартномасини имзоланган.
«BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхонасининг Бахмал тумани ҳудудида заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш лойиҳаси Халқ депутатлари Бахмал тумани Кенгашининг 05.06.2020 йилдаги 7/5-сонли қарори билан маъқулланиб, Бахмал тумани ҳокимининг қарори билан Тонготар ҚФЙ “Тонготар” массиви ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилган.
“Kun.uz” сайти мухбири Исомиддин Пўлатов Бахмал тумани “Тонготар” ҚФЙ «Тонготар» массивида фаолият кўрсатган “Шахбоз-Жавохир”, “Жўрабек-Достон даласи” ҳамда “Нигора Тоғаева” фермер хўжаликлари мурожаати асосида туман ҳокимлигига келган вақтида туман ҳокими М.Анарбаев йиғилишда бўлганлигига изоҳ берилган.
Ҳақиқатдан ҳам ўша куни Бахмал тумани ҳокими М.Анарбаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўғридан-тўғри видео селекторида қатнашаётганлиги сабабли туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Д.Умаров томонидан батафсил маълумот бериши тавсия этилган.
Шу ўринда “Туман ҳокими М.Анарбаев томонидан фермер хўжаликлари раҳбарларига ва Халқ депутатлари Бахмал тумани кенгаши депутатларига “ўз босимини ўтказмоқда”” деган фикри мутлоқо ноўриндир.
Юқоридаги инвестиция лойиҳасини амалга оширишга Бахмал тумани “Тонготар” массиви ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилган.
Ушбу ер майдонларида фаолият олиб бораётган 38 та фермерлардан 35 таси истиқболда амалга оширилаётган лойиҳани қўллаб-қувватлаб, қўшма корхона фаолиятини ривожлантирилиши учун ўз ҳиссасини қўшишини билдириб, ўз ташаббуси билан ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраган.
Илгари эгалик қилиб келган ер майдонларида ўзининг мавсумий ишчиларини жалб қилган ҳолда участка бошлиғи вазифасида фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.
Халқ депутатлари Бахмал туман Кенгаши депутатлари томонидан мазкур лойиҳа амалга оширилмай қолган тақдирда, фермер хўжаликлари томонидан қайта ўз ерларига эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келиши сессия кун тартибида кўриб чиқилиб маъқулланган.
Шунингдек, сессия кун тартибида ажратилган ер майдонидаги интенсив боғларни сақлаб қолиш, самарасиз ва ҳосилсиз боғлар (асосий воситалар)ни қиймати тўлиқ тўлаб берилгандан сўнг ер майдони қўшма корхона балансига ўтказилиши белгиланган.
«BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳада 2020 йилда 200 нафар доимий ва 3500 нафар мавсумий иш ўринлари, 2021 йилда 400 нафар доимий ва 20 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилиши амалдаги режалар асосида белгиланган. Лойиҳага асосан, нафақат заъфарон экиш, етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш, балки уни техник, тиббий ва бошқа мақсадларда қайта ишлаш мақсадида ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Қўшма корхонада маҳсулот сифатини аниқлаш учун илмий-инновацион лабораториясини ташкил этилиши нафақат заъфаронни балки вилоятда, мамлакатимизда етиштирилган бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларини жаҳон стандартларига мос сертификатлар билан таъминлашга замин яратади. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалиги махсулотларини Европа ва жаҳон бозорларига экспорт қилишга ёрдам беради.
Мақсад: туман иқтисодиётини барқарорлаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиб аҳоли бандлиги таъминлашдан иборатдир.
Бахмал тумани Тонготар ҚФЙ “Тонготар” массивидан лойиҳа асосида ажратилаётган 400 гектар ер майдонида 38 та фермер хўжаликлари фаолият олиб борган бўлиб, улар томонидан ўтган давр мобайнида 51 та иш ўрни яратилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки мурожаат қилган “Шахбоз-Жавохир” ф/х 1 та, “Жўрабек-Достон даласи” ф/х 2 та ҳамда “Нигора Тоғаева” ф/х 1 та иш ўринларини яратган.
2020 йилда ҳисобланган иш ҳақи ва маҳсулот сотишдан тушган тушумдан давлат бюджетига жами 156,6 млн сўм солиқлар ҳисобланиши кўзда тутилган.
«BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа бўйича 2020 йилда 200 та доимий иш ўрни яратилади ва ҳисобланган иш ҳақи ва маҳсулот сотишдан тушган тушумдан давлат бюджетига жами 2,9 млрд сўм солиқлар ҳисобланиши белгиланган.
2021 йилда 400 та доимий иш ўрни яратилади ва ҳисобланган иш ҳақи ва маҳсулот сотишдан тушган тушумдан давлат бюджетига жами 5,8 млрд сўм солиқлар ҳисобланиши белгиланган.
Кўриниб турибдики, ушбу ер майдоналарида 2020 йилнинг ўзида жаъми 38 фермер хўжаликари ва «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ солиқ тушумлари хажмилари ўртасидаги фарқ 2020 йилда 18 баровар, 2021 йилда эса 36 баровар кўпроқ экан.
Келинг, Кун.уз чиқарган лавҳада “замонамиз қаҳрамони” деб кўрсатилган фермер хўжаликлари томонидан олиб борилаетган амалдаги фаолияти юзасидан хам бир оғиз далилларни келтириб ўтсак.
Мисол учун, “Чорвачилик” йўналишидаги “Шахбоз-Жавохир” фермер хўжалигига 63,0 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан чорва молларини хатловдан ўтказиш жараёнида 34 бош шартли мол саноқдан ўтказилган бўлиб, амалда молларни сақлаш учун бино ва иншоатлари мавжуд эмаслиги ҳамда шартли бош сонига нисбатан 47,7 гектар ортиқча суғориладиган ер майдонларидан фойдаланиб келган.
Бундан ташқари ушбу фермер хўжалиги томонидан ажратилган ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланмасдан (етарли озуқа экинларини экмасдан) 3,2 гектар пиёз, 0,50 гектар картошка ва 4,2 гектарига помидор сабзавот экинларини экиб ноқонуний фойдаланиб келганлиги ҳамда 2,0 гектар сувли ер майдонига экин экилмасдан ташландиқ ҳолатга келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармонининг 5-бандига кўра, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилинадиган ерларни бошқа мақсадларга, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бино ва иншоатлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган бўлсада, “Шахбоз-Жавохир” фермер хўжалиги ўзига ажратилган сувли экин ер майдонига ўзбошимчалик билан 4 дона тик артезиан қудуқларини ноқонуний қуриб олган.
Айни вақтда туман Электр тармоқлари корхонаси “Шахбоз-Жавохир” фермер хўжалиги томонидан фойдаланилаётган артизан қудуқлар ишлаши учун электр энергиясидан бўлган истеъмол қарздорлиги 21 255 151 сўмни ташкил қилганини маълум қилди.
Ўздавэнергоназорат Жиззах ҳудудий бўлимининг 16 май 2018 йилдаги 13/724-сонли далолатномасининг 2.1.1-банди электр қурилмаларини экспулататсияси электириги А.Хамраев томонидан экспулататсия ишлари тўғри ташкил этилмаган ва бу ҳақида фермер хўжалиги ходимларига тушунтирилиб, холатни бартараф этиш учун огоҳлантирилиб тармоқда узилган.
Электр энергияси билан таъминловчи 0,4 кв.ли электр узатиш тармоғи мутлақо ҳавфсизлик қоидаларига жавоб бермаслиги ҳамда инсон хаёти учун хавфли бўлган қўлбола сим ёғочлар ер сатҳидан 2-3 метр баландликдан тортилганлиги, амалда қурилиш давлат стандарти бўйича 0,4 кв.ли симёғоч тўсин 6-9 метр бўлиши керак. Бу холат Бахмал туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан ўтказилган мониторингда аниқланган.
Мавжуд қарздорликни бартараф этиш ва техника хавфсизлик қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган ҳолга келтирилгунга қадар, бир неча маротаба огоҳлантирилиб, электр тармоғидан узилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган.
“Нигора Тоғаева” фермер хўжалигига жами 16,6 гектар шундан 2,0 гектар боғ ва 14,6 сувли экин ер майдони “Боғдорчилик” йўналишида фаолият юритилиши учун ажратилган бўлиб, ҳақиқатда шу кунгача очиқ майдон сифатида ноқонуний фойдаланган.
Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан заҳирага қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилгандан сўнг жорий йилда маҳаллий боғ барпо этган. (аслида интенсив усулда боғ барпо этилиши белгиланган.)
Бундан ташқари фермер ҳўжалиги раҳбари томонидан 0,40 гектар ер майдонига беда ва 0,10 гектар тераклар экилиб, ердан самарасиз фойдаланиб келган. Ҳамда фермер хўжалиги томонидан ажратилган сувли экин ер майдонига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан 1 дона тик артизан қудуғи қазитган.
“Жўрабек-Достон даласи” фермер хўжалигига ер майдонлари “Боғдорчилик” йўналишида фаолият олиб борилиши учун ажратилган бўлиб, 9,0 гектар ер майдонига маҳаллий боғ ташкил этилган. Боғ майдонларида етарли агротехника тадбирлари бир маромда ўтказилмаганлиги ҳамда боғдаги кўчатлар оралиғи 7х5 схемада маҳаллий аралаш олма навлари экилган. Интенсив боғ барпо қилишда кўчатлар оралиғи аслида 4 х 1.2 метр оралиғида экилиши лозим.
Қолган 0,10 гектар сувли ер майдонидан фойдаланмасдан ташландиқ ҳолатга келтирилган ҳамда боғ оралиғига чорва моллари учун беда экиб, чорва молларини боғ орасида боқиш ҳолатларига йўл қўйган.
Юқоридаги маълумотлар “Kun.uz” сайти мухбири Исомиддин Пўлатовга тақдим этилган бўлсада “Бахмалда фермерларнинг ери товон тўланмасдан итальянларга берилмоқда: депутатлар кимнинг фойдасига қўл кўтаришган?” номли мақолада мухбир мазкур маълумотларни жойламаган. Бундан келиб чиқадики ёритилган мақола бирёқлама бўлиб қолган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти халқ учун доимий хизматда, шу боис туман, вилоят ҳамда республикамизнинг равнақи учун Бахмал туманида «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхона фаолиятини ривожлантирилишидан ҳаммамиз манфаатдормиз, лойиҳанинг амалга оширилишида ҳамжиҳат бўлишимиз лозимдир.
Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати