Ҳурматли ёшлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти, иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал тизим яратилди. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари институтининг жорий этилганлиги эса сиз ёшларнинг мурожаатларингизни сизлар яшайдиган жойнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида, ўтган йилда:
туманимиздаги 34 та маҳаллада ёшлар баланси шакллантирилиб, 45 минг 437 нафар ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди;
“Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 640 нафар ёшларга 1,3 млрд сўмлик ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди;
ёшлар томонидан қилинган 2 минг 61 та мурожаатнинг 1 минг 854 таси (90 фоизи) маҳалланинг ўзида ҳал этилди;
1319 нафар ёшларга тадбиркорлик лойиҳалари учун 25,1 млрд сўм имтиёзли кредит, 93 нафар ёшларга деҳқончилик учун 72,7 гектар экин майдонлари ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди;
интеллектуал ўйинлар оммавий ҳаракатга айланиб, бу тадбирларга 8 минг 640 нафар ёшларимиз жалб этилди;
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасидаги 20 та бепул онлайн хорижий тил курсларида 3 128 нафар ёшлар таҳсил олмоқда.
Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳа ва танловларда 35 минг 430 нафар ёшларимиз қамраб олинди.
Туманимизда 136 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар билан манзилли ишлашга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” амалга оширилди. Уларнинг 78 нафари “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига жалб этилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда туманимиз ёшларининг ижтимоий фаоллиги ошганлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда туманимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 93 минг 124 нафарни, 14-30 ёшдагилар эса 45 минг 437 нафарни (умумий ёшларнинг 48,8 фоизи) ташкил этмоқда.
Туманимиз ёшларининг қизиқишларини ўрганиш учун йил бошида маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижалари асосида сизлар билан манзилли ишлаш бўйича 9 та йўналишда махсус комплекс дастур ишлаб чиқилди. Бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 349 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш орқали уларнинг ҳаётини яхшилашга кўмаклашамиз;
Маҳаллалар кесимидаги “Ёшлар бандлик дастурлари” орқали 1 минг 88 нафар ишсиз ва битирувчи ёшларимизнинг бандлигини таъминлаймиз.
Шу мақсадда, 2 минг нафар битирувчи ёшларимизга иккита тил ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган битта касбни мукаммал ўргатиб, катта ҳаётга мустақил қадам қўйишларига асосий эътиборимизни қаратамиз.
Ўз навбатида, ёшларимизда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга биринчи навбатдаги муҳим вазифа сифатида қараймиз.
Азиз ёшлар!
Бу йил хорижда меҳнат қилаётган ҳамда хорижда ишлаш истагидаги ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмларни жорий этиб, 1 минг нафардан ортиқ ёшларни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш орқали, ривожланган давлатларга мақсадли миграцияга жўнатиш ҳамда 620 нафар ёшларга “Ёшлар дафтари” имкониятларидан ёрдам кўрсатиш чораларини кўрамиз.
Деҳқончилик қилиш истагини билдирган минг нафар ёшларимизга 400 гектар сувли ва унумдор ерлардан ажратиш чораларини кўрамиз.
Маҳаллаларда жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан ишлаш бўйича “Ҳаракатлар режаси” асосида, йил якунига қадар ёшлар ўртасидаги жиноятларни икки баробар камайтиришни режалаштирганмиз.
Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”га 17,5 минг нафар, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 6 минг 49 нафар ҳамда бошқа лойиҳа ва танловларга 8 мингдан ортиқ ёшларни жалб қиламиз.
Ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун туманимиз раҳбарияти кўмагида 1 та ёшлар сайилгоҳи, 1 та ёшлар ижод кўчаси, 1 та кутубхона ташкил этилади ҳамда 6 та мактаб реконструкция қилинади. Ёшларимиз ҳохиш истакларидан келиб чиқиб, уларнинг туну-кун фаолият юритиши таъминланади.
Шунингдек, туманимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳурматли тенгдошлар!
Барчангизни туманимизда жорий йилда ёшлар билан ишлаш бўйича намуна яратиш, таклиф ва ташаббусларимизни биргаликда рўёбга чиқариш ҳамда Жонажон Ватанимизнинг тарақиёти йўлида бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақирамиз.
Биз, ёшлар бу мақсадларимизга эришишда туманимиз ҳокимлиги ва барча раҳбарларининг қўллаб-қувватлашларига ишонамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!