Одам савдоси қулликнинг замонавий усули, қул савдосининг янги туридир. Жиноятчилар, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик қопқонига алдаб туширмоқдалар.
Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар куч, фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда, ҳимояга муҳтож, заиф ва тушкунликка тушган инсонларни дунёнинг бошқа давлатларига олиб кетадилар.
Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдан иборат. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари қонунда аниқ кўрсатилган. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятининг идоралараро характерга эга экани инобатга олиниб, одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш (тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа) ва ҳимоя қилиш каби қоидалар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, 2008 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-911-сонли Қарори қабул қилинган. Мазкур Қарор билан 2008-2010 йилларда одам савдосига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича ишларнинг Миллий режаси, Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг Низоми ҳамда Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, одам савдосига қарши курашиш доирасида, биринчи навбатда, жабрланувчиларга ҳар доим ҳимоя кафолатланиши керак.
Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият вакиллари, нодавлат ташкилотлар жабрланувчиларга кўрсатилаётган ёрдамларни ўзаро мувофиқлаштиришлари зарур. Бунда одам савдосига қарши курашиш саъй-ҳаракатларини баҳолаш учун икки босқичли жараён назарда тутилади. Биринчи босқич: одам савдоси жабрланувчиларининг аксарият қисмини аниқлаш ва жабрланувчиларни қутқариш чораларини кўриш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бу борадаги фаолиятида асосий ўрин тутиши керак. Иккинчи босқич: бошпана бериш, медицина ёрдамини кўрсатиш, юридик ёрдам, ижтимоий-психологик консультациялар бериш ҳамда ўз соғликларини тиклаш ва нормал ҳаётга қайтишлари учун шароит яратиш, уларнинг ўз жойларига қайтиши ёки янги жойларга кўчиб ўтишларига кўмаклашиш. Ана шу чора-тадбирлар одам савдосига қарши курашиш борасида катта амалий натижаларга олиб келиши мумкин.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида одам савдо учун жавобгарликни назарда тутган меъёр борми, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар акс эттирилган бобда «Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш» (135-м), “Одам ўғрилаш” (137-м), “Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш” (138-м) деган меъёрлар мавжуд.
Мазкур қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш, яъни уларни нормал ҳаёт тарзига қайтариш, жиноий тажовузлар оқибатида уларнинг ижтимоий-маиший шароитлари оғирлашгани сабабли ҳуқуқбузарликлар содир этиш йўлига ўтиш ҳолатларининг олдини олиш - бир сўз билан ифодалаганда, ижтимоий реабилитация билан шуғулланувчи ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этиш белгиланмоқда, жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан ҳуқуқий механизм ҳамда кафолатлар яратилмоқда.
Собиржон Эргашев
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман судининг раиси