Бахмал туман тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 мартдаги “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ 827-сонли Қонуни тиббиёт бирлашмаси ходимларига тушунтирилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.
Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.
Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1977-модда. Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш
Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Ушбу Қонун 28.03.2023 йилдан кундан эътиборан кучга кирди.
С.Эргашев
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман судининг раиси