Инсон бу дунёда бахтли бўлиши учун энг керак омиллардан бириси бу ўзи ва оиласининг тинчлигидир. Ҳар йили милодий йил тугашига бироз вақт қолганда, инсонларнинг тинчлигини бузадиган, турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўладиган халқ тилида пақилдоқ деб аталувчи пиротехника воситаларининг шовқини эшитила бошлайди. Қани эди болалар ўйнаётган "ўйинчоқ" лари қанчалик хавфли эканлигини билишса. Бу "ўйинчоқ"дан аввало уни ўйнаётган ёшларнинг ўзлари жабр чекяптилар. Маълумотларга қараганда, уларнинг ораларида уйлари ёниб уйсиз қолганлар, турли тан жароҳатларни олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганларни ҳам учраши ачинарли ҳолатдир. Ёшларни бу "ўйин"ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, "пақилдоқ" одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан. Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларини портлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар.
Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан.
Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман суди томонидан 2022 йилнинг 1 декабрдан 17 декабрь кунига қадар 4 нафар шахсга нисбатан 4 та маъмурий иш кўриб томомланган ва барчасига жарима жазоси тайинланган.
Жумладан, М.М.Б 2022 йил 27 ноябрь куни Бахмал тумани, Ўсмат ШФЙ худудида 40 кути «Биританик» номли пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда олиб юрганлиги аниқланиб, ундан жами 40 кути «Биританик» номли пиротехника буюмлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.
Ж.К.А 2022 йил 3 декабрь куни Бахмал тумани, Оқтош ҚФЙ худудида 1 блок 15 кути «Трения» номли пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда олиб юрганлиги аниқланиб, ундан жами 1 блок 15 кути «Трения» номли пиротехника буюмлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.
Суд қарори билан ашёвий далил тариқасида олинган ҳамда ҳозирги вақтда Бахмал туман ИИБда сақланаётган 40 кути «Биританик» номли пиротехника ва 1 блок 15 кути «Трения» номли пиротехника буюмлари тегишли тартибда йўқ қилиш белгиланган.
С.Эргашев
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал тумани суди раиси