Одам савдоси кўпинча ноқонуний тарзда чет мамлакатларга бориб меҳнат фаолияти билан шуғулланиш туфайли юзага келмоқда. Нолегал меҳнат миграцияси натижасида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, божхона ва солиқ қонунчилигини қўпол тарзда бузиш каби нохуш ҳолатлар юз бермоқда.
Жиноятчилар, уюшган жиноий гуруҳлар ўз ватандошларининг соддаликлари, ишонувчанликлари ва етарли ахборотга эга эмасликлардан фойдаланиб, уларни қулликка маҳкум этмоқдалар. Натижада, алданган фуқароларимиз ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоб-уқубатларга дучор бўлаяпти. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Одам савдоси инсоният цивилизациясига, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли уюшган жиноятчилик, хусусан, халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-яроғларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бугун жаҳон афкор оммаси учун долзарб муаммо бўлиб турибди.
Айрим кишиларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги сабабли моддий муаммоларни тезда ҳал этиш илинжи, енгил иш топиш, тез бой бўлиш орзуси, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, лоқайдлик ва нопок кимсаларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг ихтисослашувига сабаб бўлмоқда.
Одам савдоси МДҲ мамлакатларида чуқур илдиз отаётир. Матбуот саҳифалари ва интернет сайтларига ёки телевизор экранларига кўз ташлаш кифоя — қайсидир МДҲ мамлакатида рўй берган ушбу мудҳиш жиноят билан боғлиқ ҳолатга дуч келасиз. «Оммавий миграция», «инсон аъзолари савдоси», «аёллар трафики» каби жумлаларни журналистлар ўйлаб топмаётганини, бу муаммо бугун биз яшаётган жамиятда юзага келганини ҳар бир онгли киши англаб етади. У инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси, бугуни ва эртасига таҳдид солаётган ушбу жиноятчилик чегара билмаслигини, асосан аёллар ва болаларни ўз домига тортаётганини яхши билади. Бу иллатга қарши туради.
Терроризм, гиёҳвандлик, қурол-яроғ савдоси инсониятни жиддий ташвишга солаётгани бор гап. Лекин жиноий гуруҳлар йирик даромад илинжида бу жиноятлар билан кифояланиб қолмасдан одам савдоси билан ҳам шуғулланмоқда. Оқибатда шу куннинг оғриқли муаммоси, инсон эркинлиги ва ҳуқуқлари поймол этилишининг энг мудҳиш кўриниши сифатида намоён бўлаётган одам савдоси сайёрамизда сўнгги йилларда кескин ошаётган халқаро жиноят тусини олди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, аввало, инсон манфаатларига — унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитини яхшилаш каби эзгу мақсадларга қаратилган. Ҳуқуқий демократик давлатда инсон тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун, биринчи навбатда, унинг хавфсизлиги таъминланиши, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, қадр-қиммати, ҳаёти ва соғлиғи ҳар қандай тажавузлардан ҳимоя қилинган бўлиши шарт.
Мамлакатимизда одам савдосининг олдини олишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий асос яратилиб, инсон эркига дахл қилувчи ушбу мудҳиш жиноятга қарши кескин курашилмоқда. Бу борада «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар мазкур жиноятнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтиришда, унинг ҳар қандай кўринишларидан фуқароларимизни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний миграциянинг оқибатларига доир тушунтириш ишларининг олиб борилаётгани, оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишларига кенг ўрин ажратилаётгани диққатга сазовор. Натижада фуқароларимиз, ёшларимиз одам савдоси, бу жиноятнинг моҳияти ва оқибатлари, шунингдек, ўқиш ва ишлаш ёки дам олиш учун хорижга қонуний йўллар билан чиқиш имкониятлари ҳақида тушунчаларини бойитмоқда.
Бугунги кунда БМТ томонидан молиялаштирилган Mira Med, Winroc International, Global Survival Network сингари халқаро ташкилотлар умумжаҳон миқёсидаги мазкур муаммога қарши курашишга, унинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Маълумотларга кўра жуда кўплаб мамлакатларда трафикка дахлдор қонунчилик асослари деярли шакллантирилмаган. Айрим мамлакатларда эса, бундай қонун умуман йўқ. Ҳаттоки ривожланган давлатларда ҳам одам савдоси билан боғлиқ муаммолар етарли даражада тадқиқ этилмаган. Мазкур халқаро ташкилотлар одам савдосининг олдини олиш учун аҳоли, айниқса, молиявий жиҳатдан ота-онага қарам ёшлар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлайди. Мамлакатимиз фуқароларининг чет элга ишлаш, даволаниш, дам олиш ва бошқа мақсадларда чиқиши юзасидан маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам беришга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоат органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фуқаролармиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Одам савдоси қурбонларига айланган шахсларни ҳуқуқий ҳимоялаш, уларни ижтимоий, иқтисодий ва тиббий-руҳий жиҳатдан реабилитация қилиш давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутмоқда.
Бош Қомусимизда айтилганидек, инсон шахси дахлсиздир. Унинг шаъни, қадр-қимматини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир сўз билан айтганда, одам савдосига қарши курашиш бўйича мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Аммо, асосий масала шундаки, одам аввало ўзининг ҳуқуқларини тўлиқ англаб етмас экан, ҳар қандай кўламдаги чора-тадбирлар етарлича самара бермайди. Шу нуқтаи назардан ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ушбу иллатга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.
Мамаражабов Лутфулла
Жиззах вилоят суди судьяси