Ижтимоий тармоқларда “Бахмалда уч йиллик ер можароси» мавзусидаги мурожаат ўрганиб чиқилди. Ушбу мурожаат Сарой МФЙ Сарой қишлоғида яшовчи фуқаро Чориёров Фазлидин Қамарддин ўғли томонидан берилган бўлиб, муқаддам давлат кадастрлари палатаси Бахмал тумани филиали ва кадастр агентлиги Бахмал тумани бўлими мутахассислари томонидан ўрганилиб чиқилган.
Муаллиф мурожаатда қўшниси Ибрагимов Жамолиддин Мустафоевич томонидан 6 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ўзбошимчалик билан уй қуриб ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги юзасидан чора кўрилиши сўралган.
Ўрганиш натижаларига кўра Сарой МФЙ Сарой қишлоғида яшовчи фуқаро Ибрагимов Жамолиддин Мустафоевич ҳақиқатдан Сарой МФЙ “С.Айний” номли массив ҳудудидаги 22-контурда жойлашган 0.5 га боғ майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уй-жой биноси қурганлиги аниқланган ва ушбу ўзбошимчалик билан ноқонуний қуриб олинган биносини ўз ҳисобидан бузиш, ер майдони туман захира ер майдонлари ҳисобига ўтказиш бўйича расман огоҳлантирилган.
2022 йил 14 мартдаги 71-сонли даъво аризаси билан Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судига фуқаро Ибрагимов Жамолиддин Мустафоевич 0.5 га боғ майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб қурилган уй-жой биносини буздириши бўйича ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-6243-сонли фармонининг 4-бандига кўра Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган бўлиб қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер майдонлари ажратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.11.2021 йилдаги 709-сонли қарори билан «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали ер участкаларини ижарага бериш учун ўтказиладиган очиқ онлайн танлов орқали берилиши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.02.2022 йилдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора тадбирлари ҳақидаги 71-сонли қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ёки ижара ҳуқуқлари асосида, якка тартибда уй-жой қуриш учун мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиш «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати