Ер унумдорлиги — мўл ҳосил гарови. Ер — даромад манбаи. Бу гап халқимиз тилида неча асрлардан буён қайта-қайта такрорланиб ўз тасдиғини топган нақлдир.
Президентимиз томонидан аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг раиси С.Эргашев Бахмал тумани Мустақиллик МФЙда ижарага берилган ер участка фойдаланувчилари билан давра суҳбати ўтказилди.
Дастлаб суд раиси тадбир иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан қутлаб, деҳқончиликларига барака ва унум тилади.
Тадбирнинг асосий қисмида "ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари" борасида тушунчалар бериб ўтилди.
Бугунги кундаги шароит ва имкониятларни тўғри тушунган фуқароларимиз ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.
Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. -дейди туман суди раиси Эргашев Собиржон.
Ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан ушбу йўналишда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 2021 йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ерлар аҳолига бўлиб берилди.
Учрашувда сўз олган вилоят маъмурий суди раиси Асқар Мамараҳимов, ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилганлигини, бунда, асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланганлигини таъкидлади.
Ердан унумли фойдаланиш оилавий бизнес учун жуда қулай десак муболаға бўлмайди.
Ишонамизки, Сизга давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ажратилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланасиз.
Акс ҳолда деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади. Буни ҳар бир деҳқон қонуний тушуниши керак. дея якунлади суд раиси.
Тадбир сўнггида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тайёрланган "Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича методик қўлланма" тарқатилди.
Турли сабабларга кўра тадбирга келолмаган фуқароларнинг яшаш манзилига бориб тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бу каби тадбир вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, шунингдек чекка қишлоқларида ўтказилиши ҳамда аҳолига "Методик қўлланма"нинг мазмун-моҳиятини тушунтириш режалаштирилган. Зеро ҳар қандай замонда ҳам инсонни ер боқади.
С.Эргашев
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман суди раиси