«Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.
Аҳоли сони ва унинг таркибини ҳисоблашда бир йилдан ортиқ муддатда мамлакат ҳудудида бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддаси охирги хатбошисида назарда тутилган шахслар ҳисобга олинмайди, аммо учинчи хатбошида назарда тутилган шахслар ва бир йилдан кўп муддатда республика ҳудудида вақтинча яшаб келаётган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобга олинади.
Респондентлар ўзининг (доимий ёки вақтинча) яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Кунлик тунги дам олишининг кўпроқ қисмини ўтказадиган уй, квартира, яшаш учун фойдаланилаётган бошқа турар жой ёки нотурар жой бино яшаш жойи ҳисобланади.
Бу жой респондент рўйхатдан ўтган (рўйхатга қўйилган) манзил билан мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин.
Аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари 2023 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш дастурига киритилган саволлардан ташкил топади.