Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) орқали аниқлаш ҳамда уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа (кейинги ўринларда — болалар нафақаси) ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни (кейинги ўринларда — моддий ёрдам) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — оиланинг 18 ёшга тўлган ижтимоий нафақа олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс;
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими — идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш учун мурожаат қилувчилар ва олувчилар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш амалга ошириладиган автоматлаштирилган ахборот тизими;
маълумотнома — «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила (шахс)га Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган, QR-кодга эга бўлган маълумотнома.
3. Ишловчи оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бундан мустасно) бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун бериладиган ҳар ойлик нафақани олиш муддати тугаганидан сўнг ушбу Низомга асосан болалар нафақасини олиши мумкин.
4. Болалар нафақаси оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб тайинланади.
Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
Моддий ёрдам бола(болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Агар бир оилада туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар эгизак бўлса, уларнинг бири ёши 3 ёшгача бўлган кичик бола, кейингилари мос равишда иккинчи, учинчи ёки тўртинчи ҳисобланади.
5. Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарорлар «Ягона реестр» АТда шакллантирилади ва қабул қилинади.
6. Туман (шаҳар)ларнинг маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
А.Сайфиев
Бахмал тумани пенсия жамғармаси пенсия,
нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш
(қайта ҳисоблаш) ва тўловларни ташкил
қилиш шўбаси мутахассиси