Мана бешинчи йилдирки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши бемисл кураш олиб борилмоқда. Бу эзгу ташаббуснинг самараси эса ҳар бир жабҳада яққол намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 20 сентябрда имзоланган "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни ҳам бу борада галдаги дадил қадам бўлди.
Киритилган ўзгартиришларга биноан, Судьялар олий кенгаши судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради. Қолаверса, суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқади ва принципиал баҳолайди. Шунингдек, кенгаш судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни ҳам кўради.
Бундан ташқари, қонун билан Кенгаш раисининг ўринбосарига коррупцияга қарши курашишга оид янги ваколатлар ҳам берилди. Унга кўра, раис ўринбосари судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади. Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.
Мазкур қонун асосида "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунга қўшимча киритилиб, кенгаш раисига судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши ваколати берилди. Прокуратура органларига киритилган тақдимнома эса 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, электрон рейтинг дастурининг ишга туширилиши Президентимизнинг "Рақамлаштиришни қилмасак, коррупцияни йўқ қила олмаймиз. Энг катта нарса — рақамлаштириш" деган сўзларига муносиб жавоб бўлди. Зеро, коррупция билан Ўзбекистон ҳеч қачон олдинга қўйилган мақсадларга эриша олмайди.
С.Эргашев
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман суди раиси