Пора олганлик учун жиноий жавобгарликка фақат давлат, кооператив, жамоат ва бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик вазифасини доимий ёки вақтинчалик бажараётган ходимлар тортилади. Пора берувчининг манфаати учун тегишли ҳаракатларни бажариш ваколатига эга бўлмасада, лекин ўзининг эгаллаб турган лавозими мавқеига кўра пора учун ушбу ҳаракатлар бошқа мансабдор шахс томонидан бажарилиши учун чора кўриш мумкин бўлган мансабдор шахслар ҳам ушбу жиноятнинг субъекти деб топилиши лозим.
Пул, қимматбаҳо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин. Мансабдор шахс томонидан пора берувчининг манфаати учун қайси ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик эвазига пора олинганлигини аниқлаши ва ҳукмда кўрсатиши лозим. Бу ўринда порахўрлик учун жавобгарлик, пора ҳаракат содир қилингандан олдин ёки кейин берилишига боғлиқ бўлмасдан, пора олдиндан келишилганлиги, пора олувчининг манфаати учун бирон-бир ҳаракат бажарилган бўлишидан қатъи назар, келиб чиқишини назарда тутиш лозим.
Мансабдор шахснинг ўз қўли ёки назорати остидаги шахслардан уларни хизмат юзасидан ҳимоялаш ёки қуллаб туриш, ваколати доирасига кирувчи масалаларни ушбу шахслар манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳал қилганлиги учун улардан пул маблағлари ёки бошқача бойликлар олишини пора олиш деб баҳолаш лозим. Бойликлар ёки хизматларни олиш шартлари олдиндан махсус келишилмаган бўлсада, лекин жиноят иштирокчилари пора, пора берувчининг манфаатларини кўзлаб берилаётганлигини англаган ҳолларда ҳам мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари пора бериш ва олиш деб тан олинади. Пора бериш ва олиш учун жавобгарлик ўзганинг мулкини талон-торож, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатларни сохталаштириш ва шу каби бошқа жиноятлар билан бир вақтда жиноятлар мажмуи учун жиноий жавобгарликка тортишни мустасно қилмайди.
Агар тасаввур қилинган пора мансабдор шахс томонидан олинмаган ёки олишдан бош тортилган бўлса, пора беришга ҳаракат қилган шахснинг ҳаракатини пора бериш учун суиқасд қилиш каби тавсифлаш лозим бўлади. Аммо пора бериш ва олиш нафақат мансабдор шахснинг ўзи уни олганида, балки унинг ихтиёри ёки унинг топшириғи бўйича уни бошқа шахслар қабул қилганида ҳам тугалланган жиноят ҳисобланади. Бошқа шахсга пора бериш йўли билан исталган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эришишни таклиф қилган шахс пора берувчи тариқасида жавобгар бўлади, пора учун келишилган ҳаракатни бажаришга келишган ва порани топширган шахс эса пора беришда иштирокчи тариқасида жавобгар бўлиши лозим. Агарда у таклифнинг моҳиятини билган ҳолда порани фақатгина тақдим этса, унинг ҳаракати порахўрликда воситачилик тариқасида тавсифланади.
Пора олиш, пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилишни такрорийлик белгисига кўра тавсифлаш ушбу жиноятнинг ўзини икки маротабадан кам бўлмаган миқдорда содир этилишини ва улардан ҳеч бири учун шахснинг судланмаганлигини ҳамда жиноий жавобгарликка тортишнинг муддати ўтиб кетмаганлигини тақозо этади. Мансабдор шахснинг бир вақтнинг ўзида бир неча шахсдан пораларни олиши, башарти пора берувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида қилмиш содир этилса, такрорий пора олиш деб тавсифланади. Жиноятни содир этишда аввалдан, яъни жиноят бошлангунча келишиб олган икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахс иштирок этган бўлса, пора олиш бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир этилган ҳисобланади. Жиноят мансабдор шахслардан лоақал бири пора олган пайтдан эътиборан тугалланган деб ҳисобланади. Бунда пора олувчи шахснинг пора олишда бир неча мансабдор шахслар иштирок этаётганлигини тан олган-олмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан аввалдан тил бириктириб пора олинганда поранинг миқдори олинган бойликлар ёки мулкий манфаатнинг умумий қиймати билан белгиланади, асоссиз равишда олинган нарсаларни давлат фойдасига ундиришда эса, ҳар бир мансабдор шахс олган мулкий фойданинг пул миқдоридан келиб чиқиш керак. Бошқа мансабдор шахс билан аввалдан келишмаган ҳолда пора олиб, кейин поранинг бир қисмини унга берган мансабдор шахс, порани олганлиги учун ҳам, берганлиги учун ҳам, яъни жиноятлар мажмуи учун жавобгар бўлади.
Жиноятни тавсифлаш пора миқдорига боғлиқлигини эътиборга олган ҳолда, ҳар қандай пора предметининг қиймати товарларнинг нархи, хизматларнинг ҳақи ёки тарифи асосида, улар бўлмаганда экспертлар хулосаси асосида аниқланади. Агарда кўп ёки жуда кўп миқдорда ноқонуний тақдирлаш бўлиб-бўлиб олинган бўлса ва бу ҳаракатлар ягона давомли жиноятнинг бир қисми бўлса, содир этилган ҳаракатлар тегишлича кўп ёки жуда кўп миқдорда пора олиш деб баҳоланади.
Тамагирлик - мансабдор шахс томонидан фуқаронинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида пора талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш демакдир. Шунинг учун мансабдор шахс томонидан масалан, камомадни кўрсатмаслик, ўқув юртларига тартиб-қоидаларни бузган ҳолда қабул қилиш, жиноят ишини ноқонуний тугатиш ва бошқа ҳолларда пора талаб қилиш ҳаракатларида товламачилик аломатлари мавжуд бўлмайди.
Пора олишда айбланаётган мансабдор шахснинг масъуллик ҳолати масаласи суд томонидан ушбу шахснинг эгаллаб турган лавозими, амалга оширадиган хизмат амаллари ва вазифаларининг аҳамияти, зиммаларига юклатилган ҳуқуқ ва ваколатлар, шунингдек, айбдор ишлаётган ташкилотнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши лозим.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини билдирувчи (тамагирлик, поранинг кўп ёки жуда кўп миқдори, пора олувчининг масъул мансабдорлик ҳолати) тавсифлаш белгилари жиноят иштирокчиларининг ҳам айбига, агарда бу ҳолатлар уларнинг қасди билан қамраб олинган бўлса, қўйилади. Шунинг билан бирга жиноят иштирокчиларининг ҳаракатларини тавсифлашда жиноятнинг бошқа иштирокчиларини таърифловчи (бир неча бор пора олиш, бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, порахўрлик учун судланганлик каби) ҳолатлар инобатга олинмаслиги керак.
Агар айбдор пора берувчидан мансабдор шахсга бериш учун деб пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олганида ва бундай қилмишни хоҳламасдан, уларни ўзлаштириб юборганда, қилмиш фирибгарлик деб тавсифланиши лозим. Бойликларни қўлга киритиш мақсадида пора берувчи улар томонидан пора беришга оғдирилган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга қизиқтирувчи тариқасида қўшимча тавсифланиши керак. Пора берувчининг ҳаракати бундай ҳолларда пора беришга суиқасд деб тавсифланиши лозим бўлади. Бу ўринда пора берилиши мўлжалланган муайян мансабдор шахс айтилган-айтилмаганлигининг аҳамияти бўлмайди.
Пора берувчиларни порада товламачилик ёки пора берганлик тўғрисида ихтиёрий ариза бериш асосларига кўра жиноий жавобгарликдан озод этиш бу шахсларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлигини билдирмайди. Шу сабабли улар жабрланувчи деб топилмайди ва пора тариқасида берилган бойликларни қайтариб олишни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Пора берганлик тўғрисида ихтиёрий равишда хабар берганлик бир вақтнинг ўзида мансабдор шахс томонидан пора олингани ҳақида ҳам хабар ҳисобланади. Агар жабрланувчи пора талаб қилинганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган бўлиб, тезкор тадбир давомида жабрланувчининг мулкидан пора предмети тариқасида фойдаланилган бўлса, ушбу мулк Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасининг 4-бандига асосан жабрланувчига қайтарилиши лозим, бошқа ҳолатларда пора предмети суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади.
Порахўрлик тўғрисидаги ишларни кўраётганда жазо тайинлашда алоҳида ёндашиш тўғрисидаги қонун талабига қаттиқ риоя қилиш лозим, токи пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилишда айбдорларга асоссиз равишда енгил ёки бўлмаса қилмишига мос бўлмаган оғир жазо тайинлашга йўл қўйилмайди.
Н.Тухлиев
Жиззах вилоят судининг судьяси