Бахмал тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида 642 миллион сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилиб иншоот амалда тўлиқ янгиланди.
Муассаса биноси туман марказида келиб-кетувчилар учун қулай ҳудудда жойлашган. Таъмирлаш давомида идорадаги хоналар замонавий мебеллар, компьютер жамланмалари, алоқа воситалари билан таъминланиб, интернет тармоғига уланди. Бинода муассаса ходимлари учун қулай иш шароитлари яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари туғрисида»ги фармони билан ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-кувватлаш вазирлигининг туман ва шаҳар бўлимлари маҳалла ва оилага энг яқин жойлашган тузилма сифатида зиммасига катта масъулият юкланган. Шунинг учун бу муассаса ходимлари учун қулай шароит яратилиши тизимнинг муваффақиятли ишлаши учун жуда муҳим ҳисобланади.
Қайта таъмирланган бинонинг очилиш маросимида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ходимлари учун яратилган қулай иш шароити давлатимиз томонидан маҳаллалар ободлиги, осойишталиги, тинчлиги ва оилалар мустаҳкамлигига берилган эътиборнинг ифодаси эканлиги таъкидланди.
скачать dle 12.0