Куни кеча BMB Trade Group компаниясининг Тошкентдаги Бош офисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хузуридаги Таржимонлар бюроси директори Иқболжон Солиев ва BMB Trade Group Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралардан асосий мақсад лингвистик маслаҳат ва таржимонлик соҳасида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Меҳмонни қутлар экан, Б. Маматқулов компаниянинг инвестиция ва консалтинг хизматларини тақдим этиш жараёнида ҳамда халқаро бозорларга маҳсулот экспортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг халқаро алоқалар ўрнатилаётгани ҳақида қисқача сўзлаб берди.
Шу боис, музокаралар жараёнини сифатли таржимасини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик ёзишмаларини олиб бориш, хорижий шериклар билан шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ўз навбатида И. Солиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сонли "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ва унинг учун жавобгарлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Таржимонлар бюросининг вазифалари ва фаолияти, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга ошириш тўғрисида қисқача сўзлаб берди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 февралдаги 140-сонли қарорига мувофиқ, Таржимонлар бюроси шартнома асосида расмий тадбирларни, материалларнинг ёзма таржимасини таъминлайди ва ташкилотларга таржима хизматларини тақдим этишини таъкидлаб ўтди.
Умуман олганда, томонлар келгусида давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятида шиддатли равишда кенгайиб бораётган халқаро муносабатларни ҳисобга олган ҳолда, Таржимонлар бюроси билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ошиб боришини таъкидладилар. Бошқача айтганда, профессионал лингвистик қўллаб-қувватлаш ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги муваффақиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Учрашув якунларига кўра И.Солиев ва Б.Маматқулов BMB Trade Group нинг халқаро алоқаларини ривожлантиришга муҳим туртки берадиган таржима бюросининг профессионал мутахассисларидан таржимани қўллаб-қувватлаган биринчи ташкилотлардан бири бўлган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисида битимни имзоладилар.