Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар!
Бугун сиз азизларга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиманки, бутун дунёга таҳдид ва хавф солаётган коронавирус пандемияси сўнгги пайтларда инсонлар ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатиб, одамлар мураккаб даврни бошдан кечирмоқдалар.
Мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, айни пайтда бутун дунёга, қолаверса, мамлакатимизга ҳар томонлама раҳна солаётган коронавирус пандемияси келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай кўринишдаги вазиятларни енгиб ўтиш учун зарурий чора-тадбирлар белгилаб олиниб амалга оширилмоқда.
Азиз юртдошлар!
Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони бугунги кунда вилоятимизда 3 нафарни ташкил этмоқда.
Беморларнинг аҳволи барқарор, қониқарли ҳолатда.Уларга шифокорлар томонидан Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг тавсиялари, халқаро тажриба ва белгиланган стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Шунингдек, шу кунгача эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан вилоятимизга келган 2378 нафар фуқаро тиббий кузатувга олиниб, улар махсус умумий карантин учун тайёрланган 5 та муассасага жойлаштирилди. Улардан шу кун ҳолатига кўра 2034 нафари тиббий назоратдан чиқарилди.
Беморлар билан бирламчи ва иккаламчи мулоқотда бўлган 1429 нафар фуқаро тиббий кузатувда қолмоқда. Улардан 138 нафари уй карантинида, 344 нафари стационар карантинда бўлиб турибди.
Шу ўринда таъкидлашим жоизки, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бермоқда.
Бу ҳақда сўз кетганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарори бўйича вилоятда аҳолининг санитария - эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ташкилот, идора ва муассасаларнинг амалий тадбирларини мувофиқлаштириш мақсадида, Жиззах шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимида ҳудудий идоралараро махсус штаби тузилиб, маълумот ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Вилоят миқёсида коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштириш махсус штаби томонидан ҳар куни вилоят миқёсида 500 нафардан зиёд шахсий таркиб 40 дан ортиқ махсус техникалар ёрдамида барча шаҳар ва туманларда дезинфекциялаш ишларини амалга оширишмоқда.
Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунгача вилоятдаги барча шаҳар ва туманларга киришда 13 та блокпостлар ташкил этилган бўлиб, мазкур блокпостлардан рухсатнома асосида ўтаётган йигирма бир мингга яқин автотранспорт воситалари дезинфекция қилинди.
Фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олийжаноб шифокорларимиз ҳамда Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, бизни фаол қўллаб-қувватлаётган вилоятимиз аҳлига раҳмат айтмоқчиман.
Бироқ, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан айтишим керак. Вилоятимизда коронавирус карантини эълон қилингандан буён шу кунга қадар карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 2 115 та ҳолат аниқланди.
Бутун вилоятимиз аҳолиси ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.
Қадрли дўстлар!
Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан коронавирус тарқаб кетмаслиги ва аҳолини саломатлиги йўлида барча чоралар кўрилмоқда.
Аммо шу синовли дамларда барчамиз касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул бўлиб барча карантин қоидаларига амал қилишимиз зарур.
Албатта, ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз керак.
Чунки бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлади, вақтни эса орқага қайтариб бўлмайди.
Шунингдек, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозим.
Барча корхона ва ташкилотлар ҳам бу қоидаларга жиддий амал қилишсагина касалликни хавфи ҳам камаяди.
Азиз дўстлар!
Мана, баҳорнинг иссиқ кунлари ҳам бошланди. Бўлаётган қийинчиликларга қарамасдан, ҳаёт давом этмоқда.
Пандемия даврида одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги учун мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан барча зарурий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 4 апрель санасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фонди билан ҳамкорликда "Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази" ташкил этилди.
Айни кунда мазкур марказнинг республикамизнинг барча ҳудудларида филиаллари ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Бунда 1197 қисқа рақамлардан келаётган мурожаатлар ўрганилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш йўлга қўйилган.
Марказ ташкил этилган кундан бугунги кунгача тўрт мингга яқин мурожаатлар бўлди. Асосий мурожаатлар карантин сабаб озиқ-овқат, дори-дармонга бўлган эҳтиёжлардир.
Мазкур мурожаатларнинг уч ярим мингдан зиёдига зарурий бўлган барча нарсалар етказиб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қуватлаш, зарур имтиёз ва имкониятлар яратишга қаратилган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлар қабул қилинди.
Мазкур фармонлардан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, шундай мураккаб даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш баробарида, тадбиркорларга зарур шарт-шароитлар яратишни кўзда тутганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Азиз ва муҳтарам жиззахликлар!
Кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар, ўтади албатта.
Бу синовдан ҳам муносиб ўтиб олишимизга қатъий ишонаман. Бу йўлда ҳаммамиз янада жипслашиб,
сабр-матонатли бўлсак, карантинга тўлиқ амал қилиб, шифокорлар тавсияларига риоя қилсак, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!
Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.
Зеро Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!”
Яратганнинг ўзи жиззахликларни бутун халқимизни ҳамда инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин! УЙДА ҚОЛИНГ!
Эътиборингиз учун раҳмат!