Кредит ва қарздорликни ундириш билан боғлиқ низоларни кўриш бўйича суд амалиёти
Маълумки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 22.12.2006 йилдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” ги 13/150-сон қарори қабул қилинган.
Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси «Гаров тўғрисида»ги, «Гаров реестри тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кейинги ўринларда — кредит ташкилоти) ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.
Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.
Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Юқори фоиз ставкаларини белгилаш, кредитни қайтариш ёки фоиз тўлашни кечиктирганлик учун жарима қўллаш, кредит валютаси курсининг ўзгариши кредит ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб келадиган вазиятнинг жиддий ўзгариши деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозим.
Қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни қайтармаганлик учун кредит ташкилотлари олдидаги жавобгарлиги доирасини аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида белгиланган ҳажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб чиқишлари зарур.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкин.
Кредит маблағларини ундириш тўғрисидаги талаблардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гаров, кафиллик шартномалари ҳамда кафолат, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан ташқари, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъволар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.
Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 114-моддаси иккинчи қисмига кўра қарз (кредит) шартномасининг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда судлар қарз маблағларидан фойдаланган тараф кредитордан олган маблағларини қайтариши, шунингдек улардан фойдаланган ҳамма даври учун ФКнинг 327-моддасига мувофиқ фоизлар тўлаши лозим эканлигини ҳисобга олишлари керак.
Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.
Кредит шартномасида тарафлар томонидан кредитни қайтаришни кечиктирганлик (кредит мажбуриятини бузганлик) учун юқори фоиз тури сифатида белгиланган жавобгарлик узлуксиз жорий санкция ҳисобланади.
Судлар инобатга олишлари лозимки, кредит мажбуриятларининг ижроси кечиктирилган давр учун неустойка (пеня ва жарима шаклида) ёки мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида таъминламаганлик учун оширилган фоизлар белгиланишидан фарқли ўлароқ, кредит шартномасида мазкур шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши муддати кредит ташкилоти томонидан узайтирилган тақдирда кредитдан фойдаланганлик учун фоиз устамасининг оширилиши (кўпайтирилиши) назарда тутилиши мумкин.
Кредит шартномаси бўйича асосий қарзни (ёки асосий қарзнинг бир қисмини) қайтариш муддати узайтирилган даврдаги банк фоизлари устамасининг оширилиши қарздор томонидан мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган неустойка ёки оширилган фоизлар шаклидаги жавобгарлик бўлмай, судлар томонидан унга кредит маблағларидан фойдаланганлик учун шартномавий тўлов шакли сифатида қаралиши лозим.
Муқаддам кечиктирилган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун (мажбуриятларнинг бажарилиши узайтирилган қисми ижроси кечиктирилганлиги учун) жавобгарлик чоралари судлар томонидан кредит шартномасида белгиланган шартлар бўйича қўлланилади. Агар кредит шартномасида мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кўрсатилмаган бўлса, кредит ташкилотлари ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллашни талаб қилишга ҳақлидир.
ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозим.
ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораси ҳисобланади. Кўрсатилган, қарз суммасини қайтаришни кечиктириш муносабати билан ундириладиган фоизлар, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, пул маблағларидан фойдаланганлик учун қайтариш кунига ҳисобланган фоизларсиз ушбу суммага ҳисобланади.
Агар даъвогар томонидан ФКнинг 327-моддасига асосан фоизларни ундириш ва айнан шу қонунбузилиши учун неустойка ундириш ҳақида талаблар билдирилган бўлса, суд ўз хоҳишига кўра фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларидан бирини қўллаши ва талабни ёки фоизлар ундириш қисми бўйича, ёхуд неустойка ундириш қисми бўйича қаноатлантириши мумкин.
Судлар эътиборга шуни олишлари лозимки, агар қарз шартномасига кўра қарз берувчи қарз олувчидан фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлса, лекин шартномада фоизлар миқдори белгиланмаган бўлса, фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарз суммаси берилган кундан қайтарилган кунгача бўлган даврда белгиланган қайта молиялаш ставкаси миқдорлари бўйича ундирилиши керак.
ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар кредит маблағларининг тегишли суммасига ва шу маблағлардан фойдаланганлик учун фоизларга тўланади.
Суднинг бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни қарздордан ундириш тўғрисидаги қарори фоизлар ҳисобланган пул суммаси, шунингдек тегишинча даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб ҳисобланган фоизлар суммаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.
Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.
Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.
Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, гаров ҳуқуқи шартнома билан гаровга қўювчининг мулки (тўла хўжалик юритиши)га келгусида қўшиладиган мол-мулкига ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.
Судлар гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан кредитни қайтариш ва фоизларни тўлаш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи ўртасида мустақил гаров шартномаси шаклига эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин бўлган ёзма гаров шартномаси мавжудлигини аниқлашлари керак. Охирги ҳолатда кредит шартномасининг таркибидаги гаров мажбурияти ФКнинг
271-моддаси ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
10-моддасида белгиланган гаровнинг зарур ҳуқуқий шартларини ўз ичига олиши лозим.
Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафлар учун бирдек фойдали бўлиши баробарида иқтисодиётни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Одил Юлдошбоевич Эгамбердиев
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарбдор туманлараро суди раиси