Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз
Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳларикундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. "Нозик", "чигалроқ" ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.
Жамиятда устувор соҳа — таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. "Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди", деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани энг катта камчилигимиз. Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган давлат халққа хизмат қилиши керак, деган улкан ғоя фуқаролик жамияти институтларига тизим ва дастурларни ишлаб чиқиш имкониятини берган эди. Аммо нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар бу борада ташаббус ҳамда ташкилий ишларни амалга оширишни негадир пайсалга солмоқда.
Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатимизда "парламент назорати", "жамоатчилик назорати", деган атамалар таомилга киритилди, бу борада илк қонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди.
Айниқса, модернизация, янгиланиш, ислоҳотлар билан коррупциянинг бир-бирига "қони қўшилмайди", янгилик билан эскилик тарафдорлари, фан, инновация, креатив фикрловчилар билан эски бюрократия авлоди ўртасида муттасил кураш давом этади.
Мамлакатимизда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш пайтида коррупция жиддий тўсиқ бўлаётгани жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Шу боис Юртбошимиз бошлаб берган жамиятни демократлаштириш, модернизациялаш жараёнлари қийинчилик билан давом этмоқда. Иқтисодиётнинг инвестиция киритилган, "пул ишлайдиган", бирмунча "ёғли" тармоқларига ўрнашиб олган "коррупция ҳалқаси" миллий тараққиётимизнинг душмани, жамоат назорати эса уларга қарши курашда ожизлик қилаётгани ҳам афсуски бор гап. Мамлакатда коррупция схемалари, меҳнат қилмасдан тезда бойиб қолиш механизмлари, ишланган усуллари "занжири" узиб ташланмас экан, давлатимизнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотини ҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетаверади.
Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби юртимиз аҳолиси бир асрлик мустамлакачилик даврида йўқотилган моддий ҳамда маънавий бойликлар ўрнини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий ўзликни асраш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладиган давр келди.
Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Эрназаров Максуд Маматқулович
Жиноят ишлари бўйича
Бахмал туман судининг раиси