ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига кимлар эга бўлади
1993 йил 3 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-XII-сон қонуни (кейинги ўринларда – Қонун)нинг 7-моддасида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
➖эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
➖аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.09.2011 йилдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 252-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 35-банди “а” кичик бандида пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшиб ҳисобланадиган фаолият турларига кирувчи:
➖1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади (Қонуннинг 8-моддаси). Агар жамоа хўжалиги аъзоси жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилиш (чиқиш) йилида бажарган бўлса, у ҳолда унинг иш стажи жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилинган санадан бошлаб (чиқиш санасигача) қабул қилиниши;
➖жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобга олиниши белгилаб қўйилган.
❗️Бунда Қонуннинг 29-моддасига асосан онангизда жамоа хўжалигида камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсия тайинланиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 234-моддасида болани парваришлаш таътиллари меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши айтиб ўтилган. Яна Қонуннинг 37-моддаси “ж” бандида ҳам бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган. Бу ҳолда болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти онангизнинг жамоа хўжалигидаги умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланишини ҳам эслатиб ўтамиз.
❗️Юқорида айтилган Низомнинг 66-бандида 1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалиги аъзосининг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини аниқлашда, агар жамоа хўжалиги аъзоси бўлган, бола туққан аёл жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини бажармаган бўлса, бола туғилган йил (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганнинг танлови бўйича) меҳнат стажининг тўлиқ йили, бироқ ушбу Низомнинг 35-банди «ж» кичик бандига мувофиқ, бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил сифатида ҳисобга олинади.
Мисол учун: Агар 19 йиллик меҳнат стажига эга бўлган аёл иш стажининг 12 йили мобайнида жами 5 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 10 йил иш стажи ҳисобланади (19 йил — 12 йил + 3 йил = 10 йил).
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
Бахмал тумани бўлими