Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Коррупция жинояти ва жазо чоралари, унинг квалификация қилинишининг ўзига хос хусусиятлари

Коррупция жинояти ва жазо чоралари, унинг квалификация қилинишининг ўзига хос хусусиятлари

27 апрель 2021 йил
429
0

Ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги, ҳар биримизга дахлдор бўлади. 

Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, Президентимиз томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. Коррупция нима? Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос тасаввури, тушунчаси бор, албатта. Қонунда унга шундай таъриф берилган: «коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш».
Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш), 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кабиларни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар; 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.

Амалдаги Жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ ушбу жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган.

Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида ўта оғир жиноятлар сифатида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши 50 баравардан 100 бараваргача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда, 1-қисм).
Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда, 2-қисм). Агар пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда, 3-қисм). Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда ЖК Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин (ЖК 57-модда). Жазо тайинлаш масалаларини тартибга солувчи қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суди Пленуми томонидан 2006 йил 3 февраль куни "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 1-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда судларнинг эътиборини жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратиш тушунтирилган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий баҳо беради. Бугунги янгиланаётган жамиятимизнинг мақсади эса, коррупцияга ҳеч қачон йўл қўймасликка қаратилган. Зеро, коррупциявий қилмишларнинг ҳар қандай кўриниши жамият учун ўта хавфли ҳисобланади.

 

 

Жиззах вилоят судининг судьяси

Тухлиев Нуриддин

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив