Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли масалалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли масалалар

06 январь 2021 йил
26
0

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси 2020 йил 29 декабрь куни бўлиб ўтди.

Мурожаатнома барча соҳаларни, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам қамраб олган.

Суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилди. Натижада бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди.

Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт.

Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.

Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтармоқда.

Молия вазирлигига уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда. Шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилиши белгиланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритиш бўйича топшириқ берилди.

Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишдан иборат. Ушбу тизим асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.

Сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.

Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

 

Жиззах туманлараро маъмурий

судининг судьяси

Мизроб Бахриев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар