Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинди

Кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинди

03 сентябрь 2020 йил
47
0

Жиззах вилояти ҳокимлигида “Пахта - 2020” йиғим-терими мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, республика “Агросервис МТП” вакиллари, сектор раҳбарлари, вилоят ташкилотлари, корхоналари ҳамда кластерлар раҳбарлари иштирок этдилар. Йиғилишни вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошқариб борди.

Тадбирда сўз олган Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга пахта ҳосилини пандемия шароитида нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш билан боғлиқ кечиктириб бўлмас вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Хусусан, ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, мавсумга жалб этиладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини қайта синовдан ўтказиш, теримчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар тўғрисида атрофлича фикр юритилди.

Муҳокамалар жараёнида пахта етиштириладиган ҳар бир туманнинг қишлоқ хўжалиги ташкилотларидаги вазият чуқур таҳлил этилди. Жумладан, кластерлар, фермер хўжаликлари, сектор раҳбарлари томонидан дала шийпонларини мавсумга ҳозирлаш, дефолиация учун фойдаланиши кўзда тутилаётган 367 та пуркагичлар учун эҳтиёт қисмлар захирасини юзага келтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилоятида жорий йилда 2 минг 170 та фермер хўжаликлари томонидан 78 минг 100 гектар майдонда пахта етиштирилган бўлиб, бу майдонлардан жами 219 минг 400 тонна ҳосил йиғиштириб олиш кўзда тутилган. Йиғилиш давомида пахта теримида техникалар кучидан самарали фойдаланиш режалаштирилаётгани билдирилди.

Чунончи, вилоятда 194 та терим комбайнлари мавжуд бўлиб, ушбу техникалар учун эҳтиёт қисмлар захираси яратилмоқда. Бундан ташқари мавсум бошлангунга қадар кредит ҳисобидан яна 180 та терим комбайнлари келтириш мўлжалланган. Умуман олганда, пахта теримига 3 минг 696 та техника ва автотранспорт воситалари жалб этилади. Шунингдек, иш самарадорлигини таъминлаш мақсадида молиявий таъминотда узилишларга йўл қўймаслик чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Тадбирда республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов мажбурий меҳнатга умуман йўл қўймаслик зарурлигини уқтирар экан, бу йўналишда хато ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди. Худди шундай, мазкур масаланинг Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда бошқа халқаро институтлар эътиборида бўлиши билдириб ўтилди.

Пўлат Бобожонов бу борадаги қонун бузилишларга йўл қўймасликнинг асосий шартлари меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ва теримчиларга барча зарурий шароитларни яратиш эканлигини таъкидлар экан, бу йўналишдаги камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан топшириқлар берди. Шу билан бирга мавсум давомида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди ва мутасаддиларга манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда пахта теримига иштирок этган фуқароларга яхши ҳақ тўланиши баён этилар экан, доимий иш жойига эга бўлмаганлар, эҳтиёжманд оилалар ва умуман уюшмаган аҳоли вакилларини теримга жалб этиш юзасидан тарғиботни кучайтиришга келишиб олинди.

Муҳокама давомида пахта теримини ташкил этувчи ишчи гуруҳлари ва комиссияларга Ички ишлар вазирлиги раҳбар-ходимлари, вилоят ҳокимлиги масъуллари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари бириктирилди. Улар томонидан мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, йўл ҳаракати, техника ҳамда ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши назорат қилиб борилади.

Тадбир якунида сектор раҳбарларининг йиғилишда кўтарилган масалаларга оид ҳисоботлари тингланди.  

 Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар