Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Бир суд – бир инстанция

Бир суд – бир инстанция

14 август 2020 йил
65
0

Мамлакатимизда бугунги кунда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида қонунчилигимиз нормаларини халқаро стандартларга мослаштириш тенденцияси хорижий экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

Мазкур ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида, Президентимиз томонидан жорий йил 24 июль куни «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг имзоланиши бу соҳада яна бир муҳим қадам бўлди. Фармонга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимида 2021 йилнинг январидан бир қатор ижобий ўзгаришлар юзага келади.

Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу ўз навбатида маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан ҳоли ва мустақил фаолият юритишига замин яратади. Бундай судларни ташкил этишдан кўзланган асл мақсад, яъни фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратади.

Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Энг эътиборлиси, Фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда. Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланиб, фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади. Эндиликда, Фармон билан юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда.

Фармондаги яна бир муҳим масала - судларда жиноят ишларини кўриш чоғида ишни суд мажлисида кўришдан аввал, инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Хўш, бу институт нима учун керак эди? Бизнинг одил судлов амалиётида бир пайтлар жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш институти бор эди ва судлар бир неча босқичда шундай хулосага келиши мумкин эди. Кейинчалик, қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилингач, дастлабки тергов органи томонидан судда тузатиш имкони бўлмаган хатоликларга йўл қўйилиши кузатилди ва оқибатда ўтган йилнинг ўзида Фармонда таъкидланганидек, 469 та иш бир неча кун, ҳатто ойлаб суд мажлисларида кўрилганидан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Бу ўз-ўзидан ортиқча вақт, ортиқча иш, ортиқча маблағ талаб қилади. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёни 7 сутка ичида амалга оширилиши, шу муддатдагина судья мазкур масалани узил-кесил ҳал этиши назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга, айни йўналишда фуқаролар учун бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратилишига хизмат қилади.

 

 

Жиноят ишлари бўйича

Бахмал туман судининг раиси

С.Эргашев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар