Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Камбағалликни камайтириш – энг муҳим ва энг долзарб масалалардан

Камбағалликни камайтириш – энг муҳим ва энг долзарб масалалардан

12 июнь 2020 йил
124
0

Камбағаллик – бу ҳаёт учун муҳим бўлган, энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб, ўзи ҳохлаган ишларни давом эттириши мумкин бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳни иқтисодий ҳолатининг ўзига хос хусусиятидир.

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Уни амалга ошириш учун 700 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Муҳтарам Президентимизнинг шахсан раислигида жорий йилнинг беш ойи мабойнида ўтказилиб келинаётган видеоселектор йиғилишларида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланиб, Республикамизнинг барча худудларида ишлар қизғин ташкил этилаяпти. Янги иш ўринлар яратилиб, аҳолини даромадларини ошириш бўйича аниқ йўналтирилган мақсадларга эришилмоқда.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Республикамиз бўйича 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми?

“Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», – деганди Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4653-сон қарори 3-иловасида “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги  тўғрисида" Низом қабул қилинди. Бу низомда умумий қоидалар, вазирликнинг тузилиши, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифа ва функциялари келтирилган.

Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилди ва махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ томонидан бу йўналишда, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Мисол учун,   Жиззах вилоятида жами аҳоли сони 1 383 813 нафар, эҳтиёжманд аҳоли сони 83 893 нафар ташкил этади. Жами хонадонлар сони 231 750 тани ташкил этиб, шундан 16 485 таси камбағал хонадонлар сифатида рўйхатга олинган. Таҳлил қилинганда, улардан боқувчисини йўқотганлар сони 2440 тани, жами эҳтиёжманд хонадонлар аъзолари сони 83 893 нафар, шундан ёлғиз қариялар сони 393 нафар, ногиронлар сони 4 670 нафар, вояга етмаганлар сони 34 431 нафар, меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 30 377 нафар, жами нафақа олувчи хонадонлар сони 8 060 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони  43 700 нафар, шундан 2 ёшгача бола парвариши бўйича хонадонлар сони 2 587 та, уларда яшовчи аҳоли сони 12 495 нафар, 14 ёшгача болали оилалар бўйича хонадонлар сони 3 325 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 19 487 нафар, моддий ёрдам олувчи хонадонлар сони 2 148 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 11 718 нафарни ташкил этган бўлса, нафақа олмайдиган хонадонлар сони 4 168 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 19 461 нафарни ташкил этади.

Вилоят бўйича жами 39 700 нафар камбағал фуқароларга 35 млрд. сўм (шундан пандемия даври учун қўшимча 18 млрд. сўм) иш ҳаққи йўналтирилиб, жамоат ишларига жалб этилади. Жумладан, қурилиш ишларига 2 000 нафар, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” давлат дастури йўналишида 8 000 нафар, пилла етиштиришга 10 000 нафар, дезинфекция тадбирларига 600 нафар, кластерлар ва фермер хўжаликлари дала ишларига 6 300 нафар, тадбиркорлик субъектларига 3 200 нафар, йўл инфратузилмаси объектларига 2 000 нафар, ободонлаштиришга 3 000 нафар, бошқа турдаги йўналишларга 4 300 нафар ҳамда якка ёлғиз фуқароларга кўмаклашишга 300 нафар фуқаролар жалб этилиб иш ўринлари банд этилади.

Вилоят бўйича 18 та кооперацияга жами 667 га ер майдони ажратилиб берилган, шундан 1137 нафар фуқаролар аъзо этилиб, уларга 30-50 сотихдан ер майдонлари ажратилиб берилди. Бандлик жамғармасидан жами 1 млрд. 745 млн.сўм субсидия ажратилган, шундан 215 га боғ, 200 га токзор ҳамда 252 га сабзавотчилик ташкил этилди ва 1137 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Ташкил этилган 12 та агрокластердан 7 та боғдорчилик, узумчилик кластерга 7491 та иш ўрин, 4 та мева-сабзавотчилик кластери 3951 та иш ўрни, 1та мошни калибровка қилиш, 123 та иш ўрни, жами 11 565 та янги иш ўринлари яратилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятда мавжуд 295 та маҳаллаларда истиқомат қилувчи ҳар бир хонадон ва оилаларнинг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламининг рўйхати жойлардаги ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан “Камбағаллик” тушунчаси аниқ белгиланмаганлиги, унинг хуқуқий мақоми бугунги кунда мавжуд эмаслиги натижасида ҳаққоний тўлиқ рўйхатлари шакллантирилмай келинмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг исботи сифатида соя ўсимлигини пахта орасида етиштириш ва пахта ҳосилидан олдин унинг ҳосилини йиғиштириб олиш ва заъфарон ўсимлигини етиштиришни таъкидлашимиз мумкин.

Aйни вақтда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси "Бранд Инвестмент Гроуп" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда заъфарон плантацияларини ташкил етишни бошлади.

– Заъфарон ўсимлиги иссиқлик ва ёруғликни севади. Бу ўсимлик юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида етиштириш имконияти мавжуд. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникасини яхши ўрганиб, фермерларни жалб этсак, даромадли соҳага асос солинади. Зеро, бир гектар плантациядан биринчи йил ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланар экан. 1 килограм гули 2500 дан 5000 долларгача  сотилади. Улуғ алломамиз Aбу Aли ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган. Бундан кўринадики заъфарон ва соя ўсимликларини етиштириш юртимиз иқисодиёти ривожланишининг сезиларли даражада ўсиши ва ишсизлар сонининг қисқаришига ҳам олиб келади.

Бугунги кунда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар, яъни қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилаётган иш ўринлари мавсумийдир, яъники бир марталик характерга эга эканлиги жуда ачинарлидир. Бу хулосаларга кўра, аҳолини камбағалликдан чиқариш самарали натижа бермайди деб ўйлайман.

Бунинг учун нима қилмоғимиз зарур, биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган “Коорперация тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур. Шунингдек “Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Иккинчидан, камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли вазирликлар томонидан ажратилаётган субсидияларни марказлаштириш, ҳар бир ҳудудда мазкур субсидиялар ҳисобидан аҳолини муқим иш жойи бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш масаласини Республика бўйича кўриб чиқиш;

Учинчидан, туман, шаҳар ҳокимлари қарори билан камбағалликни камайтириш бўйича ташкил этилаётган кооперацияларга ажратилиши режалаштирилган субсидияларни ўз вақтида ажратиш масаласини кўриб чиқиш;

Тўртинчидан, турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган катламни бевосита касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш марказларини ҳар бир худудларда унинг меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф асосида ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш;

Бешинчидан, худудларда норасмий ишларда ишлайдиган ишчиларнинг ҳисобини юритиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;

Фермер хўжаликлари ишчиларини қонуний рўйхатга олиш, меҳнат дафтарларини юритиш, ҳисоб механизмларини ишлаб чиқиш талаб этилади.

Aҳолининг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган бу ишлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига ҳам айнан мосдир. Aйниқса, коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар шароитида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади.

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва

ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар