Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Ери бор одам камбағал бўлмайди

Ери бор одам камбағал бўлмайди

21 апрель 2020 йил
148
0

Томорқадан самарали фойдаланиш долзарб масала бўлиб турган шу кунларда меҳнатсевар одамга имконият, ишлашни ёқтирмаган одамга баҳона кўплигини ҳар бир ҳудудда учратиш мумкин. Айниқса, оқар сув билан барқарор таъминланмаган қишлоқларда бу ҳолнинг иккисига ҳам мисоллар кўп.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни янада ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Айни пайтда бу иш кун тартибидаги асосий вазифалардан бири бўлиб тургани бежиз эмас. Ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда юртдошларимизнинг реал даромадини оширишдаги катта имконият бўлган томорқа “Уйда қолинг” лойиҳаси доирасида пандемияга қарши карантин даврида одамларнинг ўз уйларида фойдали иш билан машғул бўлишида янада муҳимдир.
Аҳолини томорқа хўжалигига янада кўпроқ жалб этиш Жиззах вилоятининг Зомин, Фориш, Бахмал, Ғаллаорол, Янгиобод туманларининг чекка тоғли қишлоқлари учун айниқса жуда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда вилоятнинг барча туманларида томорқадан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилган ишчи гурухлар фаолият олиб бораётир.
Ишчи гуруҳлар фақат томорқа эгаларини тергаш, камчигини кўрсатиш эмас, мавжуд илғор тажрибаларни ҳовлисидаги еридан яхши даромад қилаётган оилалар мисолида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишда ўрганишга арзирли тажрибалар, янгича ёндошувлар эса анчагина.
Масалан, Фориш тумани қадимдан ўзининг мевалари, айниқса узуми, қора кишмиши билан машҳур бўлиб келган. Нурота тоғ тизмаларидаги булоқлардан сув ичадиган қишлоқларда суғорма деҳқончилик учун ер ҳам, сув ҳам унчалик кўп бўлмасада, аммо форишликлар бундан нолишмайди. Бу ерда одамлар сув кам бўлса узум, ер кам бўлса меҳнат ширин бўлади, деб томорқани чинакам жаннатга айлантирган.
Учма қишлоғида яшовчи Ширинбой Ризоқулов деҳқончиликни ҳаддисини олган миришкорлардан. Пенсияга чиққунга қадар қишлоқдаги 28-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган Ширинбой ака турмуш ўртоғи Олия опа Ризоқулова ва фарзандлари билан томорқадан яхшигина даромад олмоқда.
– Яқин йилларгача қишлоқ ўқитувчисининг маошига рўзғор тебратиш қийин бўлган пайтларда ҳам даромаддаги бу тахчилликни томорқа ҳисобига қоплаб келдик, – дейди Ширинбой ака. – Ўқитувчи ҳар куни ишда бўлишидан ташқари, дарсдан сўнг уйда ҳам ёзув-чизуви кўплигидан бўш вақти кам бўлсада, имконият топиб ишладик. Болалар катта бўлишди, ўзим пенсияга чиқдим, энди томорқада ишлаш кўнгилли машғулотга айланди. Қишлоқда сув кам, томорқани навбат билан суғорамиз, нам сақлаш тадбирларини кўрамиз. Меҳнат қилганга томорқа ҳазина – ковлаб турилса тугамайди. Айниқса шу кунларда ҳаммамиз болаларимиз ҳам, набираларимиз ҳам уйда, ишимиз самарали бўлаяпти.
Ширинбой аканинг 15 сотих ҳовлисига 150 туп турли мевали дарахтлар ҳам ҳосилга кирган. Ҳовли атрофига экилган 100 тупдан зиёд ёғочбоп тераклар кўкка бўй чўзиб, вояга етаяпти. Ҳадемай ўғиллар қурадиган янги иморатга ярайди. Сабзавот, кўкатлардан икки марта ҳосил олиб келаётир. Ҳозирда томорқада эртанги картошка, пиёз, саримсоқ пиёз, лавлаги, помидор, бодринг, ловия ҳар хил кўкатлар гуркириб ўсаётир. Оиланинг истеъмолидан ортгани бозорга чиқарилаётир.
Бундан ташқари, чорвачилик ҳам йўлга қўйилган. Гўшт, сут, қатиқ ҳам ўзларидан. Озиқ-овқатнинг ҳеч бири сотиб олинмайди. Аксинча ортиқчасини бозорга сотишдан оилага қўшимча даромад келаётир.
Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, томорқадан унумли фойданаётган бундай оилалар барча туманларда кўплаб топилади.
Томорқачиликни ривожлантиришда бундай тажрибалар асқотиши табиий. Шунинг учун ишчи гуруҳ аъзолари якка тартибда, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, уйма уй юриб ўтказаётган тушунтириш ишларида халқимизнинг томорқачиликдаги бой тажрибасини тарғиб қилишга аҳамият беришмоқда.
Жумладан, Зомин туманида ишчи гуруҳ аъзолалари уйма-уй юриб, ҳозиргача жами 23 минг 967 та хонадонда томорқа ер майдонидан самарали фойдаланиш тўғрисида якка тартибда тушунтириш ишлари ўтказишди.
Ушбу тарғибот тадбирлари туфайли туманда томорқачиликдаги кўрсаткичлар олдинги йилларга қараганда анча яхшиланмоқда. Ҳусусан, жорий йилда туманда 1 минг 881 гектардаги эртаги экинлардан
28 минг 443 тонна, 358,9 гектардаги тўқсонбости экинлардан 6 минг 79 тонна ва 1 минг 388 гектар такрорий экинлардан 18 минг 794 тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган.
Ҳозиргача режалаштирилган барча майдонларда эртаги экинлар экиб бўлинди. Жумладан, 143 гектар картошка, 213,1 гектар помидор ва бодринг, 203,9 гектар пиёз ва саримсоқпиёз, 176 гектар сабзи, 32,8 гектар карам, 51,4 гектар кўкатлар, 455,9 гектар майдонларга бошқа сабзавот экинлари экилди.
Томорқадан икки, уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш орқали даромадларни кўпайтириш учун катта имкониятлар мавжуд. Сўнги йилларда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” лойиҳаси доирасида томорқадан икки ва уч марта ҳосил оладиган қишлоқ ва маҳаллалар йилдан-йилга кўпайиб бораётир.
Туманда томорқа ер эгаларига серҳосил, униши, ҳосилдорлиги кафолатланган уруғ ҳамда кўчатлар, ерга ишлов бериш техникалари, минерал ўғитлар етказиб бериш билан шуғулланадиган 2 та “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Томорқачиликни қўллаб-қувватлашда камбағал оилалар алоҳида эътиборга олинмоқда. Ҳозиргача тумандаги кам таъминланган оилаларга 34 миллион сўмлик 80 минг дона помидор, булғор қалампири, бақлажон, қалампир хамда 26 миллион сўмлик 4 минг дона мевали кўчатлар етказиб берилди.
Бундан ташқари, Ширин сув истеъмолчилари уюшмаси худудидан 20 гектар ер майдонига 7 минг дона нок кўчатлари экилиб барпо этилган боғ камбағал оилаларга 0,35 гектардан бўлиб берилди.
Шу кунларда ёшлар бандлигини таъминлаш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича яна бир йирик лойиҳани амалга оширишга киришилди. Ушбу лойиҳа бўйича туманнинг Ҳулкар қишлоғи ҳудудидаги адирларда 200 гектарлик узумзор барпо этилмоқда. Ушбу токзорлар тумандаги 600 нафарга яқин ишсиз ёшлар ва камбағал оилаларга 0,35 гектардан берилиши режалаштирилган. Ҳозирда ушбу токзорнинг 100 гектарига кўчатлар экиб бўлинган.
Ери бор одам камбағал бўлмайди. Одамлар бу ҳақиқатни тобора теранроқ англаб етмоқда. Шунинг учун вилоятнинг барча туманларида томорқадан уч, тўрт марта ҳосил олаётганлар, қўлбола, замонавий иссиқхоналар қуриб яхшигина даромад олаётганлар кўпайиб бораётир.
Жорий йилда вилоят бўйича 17 минг 683 гектар майдонга эртаги экинлар экиш режалаштирилган. Шундан, 10 минг 326 гектар сабзовот эккинлари, 2 минг 353 гектар дуккакли, 2 минг 487 гектар картошка ва бошқа турдаги маҳсулотлар экилмоқда.
Ҳар бир оиланинг алоҳида нияти, алоҳида меҳнати асосидаги халқимизни фаравонликка элтувчи бу кенг кўламли ҳаракат барча ҳудудларни қамраб олмоқда.

Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар