Телефонлар:
(0372) 412-12-34
(0372) 412-14-60
» » Ўзбекистонда жамоатчилик палатаси ташкил этилмоқда!

Ўзбекистонда жамоатчилик палатаси ташкил этилмоқда!

17 апрель 2020 йил
160
0

XXI асрга келиб инсоният ўзининг узоқ тарихий тараққиёти давомида эришган тажрибаларига асосланган холда давлатчиликнинг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйди.

Мазкур босқичнинг моҳияти шундаки, эндиликда ҳар қайси ривожланган мамлакатда давлат билан бир қаторда бошқа субъектлар – нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолияти ва таъсир кўлами ҳар жиҳатдан ўсиб, нафақат мамлакат ичида, шунингдек, халқаро муносабатларда ҳам яққол сезилмоқда.

Ўзбекистонда жамоат ташкилотларининг шунингдек, жамоат вакилларининг давлат бошқарувидаги ролини ошириш мақсадида катта қадамлар қўйилмоқда. Бу борада жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги  ПФ-5980-сонли фармони қабул қилинганлиги бунинг яққол тасдиғи бўлди.

Мазкур фармоннинг долзарблиги шундаки, мамлакатимизда халқ билан бўлаётган учрашувлар, мунозаралар натижасида давлат билан фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи кўприкка эҳтиёж сезилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этиладиган Жамоатчилик палатаси эсаайнан ана шу мақсадда ташкил этилмоқда.

Ушбу ташаббус Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатида илгари сурилган эди. Унда давлатимиз раҳбари “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда, жамоатчилик билан маслаҳатлар,жамоатчилик эшитувининг мажбурийлигини аниқ белгилаш керак, жамоатчилик мақул деса мақул, номақул деса номақул бўлади. Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан” деган эдилар.

Шу пайитгачапарламентда Президент олдида фуқаролик жамияти институтларининг позициясини билдирадиган ягона ташкилот йўқ эди. Энди эса ташкил этилаётган палата зиммасига давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришдек масъулиятли вазифалар юклатилмоқда. Мана шулардан келиб чиқиб палатанинг 12 та асосий йўналишлари белгиланди. Булар орасида давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг эзгу саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи самарали мулоқотни йўлга қўйишдан тортиб фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб долзарб масалалар ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли ҳокимият органларига таклифлар киритиб бориш вазифалари мавжуд. Бундан ташқари БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдафуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш сингари бирбиридан муҳим вазифалар киритилган.

Халқ билан мулоқот, бу ижтимоий – сиёсий масалаларда халқимизнинг фикрини инобатга олиш Президентимизнинг доимий эътиборида ва бу тамойил жамиятимиздаги ислоҳотларнинг негизини ташкил этади. Шу боисЖамоатчилик палатаси ва худудийЖамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаши органи сифатида халқимиз дилидаги долзарб масалаларни ҳукуматга олиб чиқишда муҳим бўғин сифатида қаралмоқда.

Ҳозирги кунда 30 га яқин халқаро рейтинглар бор. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг нуфузи мана шу рейтингларда ошиб бораяпди. Энди фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлганЖамоатчилик палатаси Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги нуфузини, ўрнини оширишга хизмат қилади.

Фармонда белгиланганидек,Жамоатчилик палатасида жамоатчилик асосида ишлайдиган аъзолар сони 50 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 18 нафари Президент томонидан тайинланади. Улар турли соҳаларда жамият ривожига ҳисса қўшиб келаётган фуқаролар, ННТ лар ва ОАВ лари вакиллари орасидан тайинланади. Яна 18 нафар аъзо эса республика миқёсида фаолият кўрсатаётган ННТ лар, ОАВ лари вакенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосидаЖамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади. Палатанинг 14 нафар аъзоси худудий Жамоатчилик палатаси вакиллари бўлиб улар лавозими бўйича худудий Жамоатчилик палатаси раиси ҳисобланади.

Шунингдек, худудий Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиши белгиланди. Жамоатчилик палатаси вакилларининг муддати 3 йил қилиб белгиланган. Юридик мақоми эса маслаҳат Кенгаш органи бўлади. Жамоатчилик Кенгаши томонидан ишлаб чиқиладиган таклифлар,мулоҳазалар тавсиявий характерга эга бўлади.

Жамоатчилик палатаси ташкил этилганлиги муносабати билан ваколатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази тугатилмоқда. Фаолият йўналишларига мослигини инобатга олган ҳолда эндиликда “Менинг фикрим” веб-порталиниЖамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган. Президент фармонида берилган ваколатлар доирасидаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда маҳаллий вакиллик органларида жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан фикрини ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда.

Палата аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайат мажлисида шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида, ҳукумат соатида, маҳаллий Кенгашлар мажлисларида иштирок этишга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар, ўта долзарб масалаларга норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳалари жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилади. Бундан ташқари палаталарга жамоатчилик палатаси сўровини юбориш, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари таркибларини шакллантиришда иштирок этиш сингари ваколатлар берилмоқда.

Янги киритилаётган тартибга мувофиқ вилоят халқ депутатлари кенгашларининг йиғилишларида ҳар чоракда жамоатчилик палатаси томонидан кўтарилган ва ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилиниши белгиланди. Шу билан бирга жамоатчилик палатасига берилган муҳим масалалардан бири бу фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал тадқиқотларга ташаббускор бўлиш имконияти берилмоқда.

Жамоатчилик палатасининг муҳим вазифаларидан бири бу давлат дастурларининг ҳам мониторингини амалга ошириш, ундан ташқари жойларда қонунчилик хужжатларининг амалда ишлаш ҳолатини ҳам мониторинг қилиш вазифаси юклатилмоқда. Бу эса яна бир масала “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган назорат функциялари, назорат инструментларидан эндиликда янада фаол, янада кенгроқ фойдаланиш имкониятини беради. Бу борада фармонда жамоатчилик ва вазирликлар билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шундай қилиб, мамлакатимизда жамият ислоҳотлар ташаббускори деган халқчил ғоянинг амалдаги рўёби сифатида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилувчи янги тузилма майдонга келмоқда. Бу эса халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидага муҳим босқич фуқаролик жамияти сари дадил қадамдир.

Равшан Хидоятов, Жахонгир Бобобеков

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш

маркази Жиззах ҳудудий бўлинмаси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар